06 October 2014
18:11 - Болгария парламент сайловларида туркларнинг партияси учинчи ўрин олди, ўзбекларга дарс бўлсин
Кеча бу мамлакатда ўтказилган парламент сайловларида 33 фоизга яқин овоз олган мухолифатдаги “Болгария Фуқаролари Европача Тараққиёт учун” номли партия биринчи ўринни олди. Ҳозир ҳокимиятда бўлган Болгария Социалистик Партияси 15,4% овоз билан иккинчи ўринда, бу мамлакатда яшайдиган туркларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган Ҳуқуқ ва Озодлик учун Ҳаракат Партияси 14,82% овоз билан учинчи ўринда. Яна 4 та майдароқ партия 5-10 фоиз овоз билан парламентга кирди.

Энди парламентга кирган партиялар янги ҳукумат тузиш йўлида турли коалициялар қуришга бошласалар керак. Бу Болгариянинг ички иши. Ўзбеклар учун Болгарияда турклар партияси борлиги ва парламентга киргани диққатга сазовор воқеадир.

Энциклопедияларга кўра, Болгария аҳолисининг сал кам 9 фоизи турклар экан, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи партия сал кам 15 фоиз овоз олганини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳақда ҳозиргача Туркия матбуотида ҳам ҳеч қандай хабар ёки анализ йўқ. Аммо, Болгария аҳолисининг 5 фоизи лўлилар эканлигини ҳисобга олиб, айнан лўлилар турклар партиясини қўлла-қувватлаганини тахмин қилиш мумкин.

Бу воқеа ўзбекларга дарс бўлиши керак, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда яшайдиган ўзбекларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган партиялар тузишдан бошқа йўллари йўқ. Чунки, айниқса Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда ўзбекларни тарихий ерларидан сиқиб чиқариш сиёсати очиқча олиб борилар экан, ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилишлари шарт. Бундай партиялар тузилса, уларни Ўзбекистон ўзбеклар маънавий қўллаб-қувватлашлари кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум.