05 October 2014
07:12 - Россияда 15-34 ёшда ўлаётганларнинг 80% наркотиклар қурбони экан, Ўзбекистондачи?
Наркотиклар Айланишини Назорат қилувчи Россия Федерал Хизматининг бошлиғи Виктов Иванов “ТВ-Центр” телеканалида шундай дебди:

“15 билан 34 ёши ўртасида ҳаётдан кетаётганларнинг сони 550 минг бўлди. Бу мутлақо анормалдир. Масалан, аҳолиси тахминан бизники каби бўлган Японияда бу рақам 5 минг. Россияда бу ёшда ўлганларни 80 фоизининг қонида наркотик излари топилди. Яъни, улар доимий наркотик истеъмол қилишдан ўлганлар.”

Ўлим сони ортишини наркотиклар олиб келиш ва тарқатиш инфраструктурасини йўқ қилиши ҳисобига тўхтатилди, аммо вазият истаганимиздек тез ўзгармаяпти, дебди у яна.

Даҳшат, дейди мухбиримиз, 15-34 ёшда ўлаётганларнинг сони Японияга нисбатан 110 (!!!) баравар катта экан. Ивановнинг гапларидан тушуниш мумкингки, Россияга наркотиклар олиб келиш ва тарқатиш инфраструктураси, аслида, бутунлай йўқ қилинмаган, унга етралича зарба берилган ва ўлим сони ҳозиргисидан ҳам кўпайишининг олди олинган, холос.

Хўш, Ўзбекистонда аҳвол қандай, деган савол туғилиши табиий эмасми? Дунё наркотикларнинг катта қисми ҳозир Афғонистонда етиштирилаётгани, уни Европага ташишда Ўзбекистон ҳудудидан ҳам фойдаланилаётгани ҳисобга олинса, аҳвол яхши эмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Аммо, бизда ҳақиқий аҳволни кўрсатувчи рақамлар эълон қилинмайди. Эълон қилимайдими, демак, гиёҳвандчиликка қарши етарлича курашилмайди ҳам.