01 October 2014
07:49 - Туркия ИШИДга қарши урушга кириш арафасида
Кеча бу мамлакат Бош вазири Аҳмад Довудўғлининг Ироқ ва Сурияда бўлаётган воқеалар, тўғрироғи, ИШИД хавфининг Туркия остонасига ҳам етиб келаётганини тан олиб, керак бўлса Туркия қўшинларини Ироқ ва Сурияга олиб киримш, айни замонда, ИШИД ва бошқа терорист гуруҳларга қарши курашадиган чет эл қўшинларини 4 октябрдан бошлаб 1 йил муддатга Туркияга киришига рухсат бериш қонуни лойиҳасини Туркия Буюк Миллат Мажлисига жўнатиши – Туркия ИШИДга қарши урушга тўғридан-тўғри кириш арафасида эканлигининг энг яхши кўрсатгичидир.

Аслида, Туркия учун хавф фақатгина ИШИДнинг ўзи эмас. Ҳозир Ғарб ИШИДга қарши урушда Ироқ ва Сурияда қуролли кучлари бўлган курдлар билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани, уларга моддий ва ҳарбий ёрдам бераётгани ҳаммага маълум. Курдларнинг мақсади эса, вақтдан ва Ғарбнинг ёрдамидан фойдаланиб, Туркия, Эрон, Ироқ ва Сурия давлатларининг маълум қисмларини ўз ичига олувчи Курдистон давлати яратишдир.

Табиий, Туркия Буюк Миллат Мажлиси Аҳмад Довудўғли киритган қонун лойиҳасини тасдиқлайди, Туркия урушга киради ва ўз ҳудудларига Ғарб қўшинларининг киришига рухсат беради. Ҳа, фақат Туркия эмас, бутун минтақа буюк ўзгаришлар арафасида турганга ўхшайди.