28 September 2014
07:16 - 9 ёшли қизларни тилга олманг, Ҳазрати Муҳаммадга имо қилишда айбланишингиз мумкин

Парчаланиб йўқ бўлиш арафисига келган Туркияни қайтадан оёққа турғазган ва замонавий давлатчилик асосларини яратган Отатурк замонидан бери бу мамлакатда исломчилар билан дунёвийчилар ўртасида жанг каби кураш давом этмоқда.

Ҳокимиятга исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси келгандан бери бу кураш янгидан оловланиб ётибди. Намуна сифатида “Миллиёт” газетасида кеча эълон қилинган хабарни келтириш мумкин.

Отатурк раҳбарлигида тузилган сўлчи Жумҳурият Халқ Партиясидан мамлакат парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисига депутат бўлиб сайланган Ҳусайин Ойгун Интернетнинг ижтимоий тармоқларидан бирида шундай нарса ёзибди: “Араб эркаклари 7 асрда 9 ёшли қизларни қўйниларига олишарди, замонавий турк ИШИДчилар эса, 9 ёшли қизларни ҳижобга ўрашмоқда. Бундайларнинг мантиғи 7 асрдан 21 асргача ҳам ўзгармади. Ҳижобга ҳеч қачон ҳурматим бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайди. Ҳижоб – аёлларни камситиш учун эркаклар тарафидан яратилган нарсадир.”

Исломчилар дарҳол ҳужумга ўтишди. Уларга кўра, Ҳусайин Ойгун “Араб эркаклари 7 асрда 9 ёшли қизларни қўйниларига олишарди” деганда Ҳазрати Муҳаммадни назарда тутмоқда, туҳмат қилмоқда. Давлатнинг тегишли идоралари уни жазолаши керак.

Ҳа, дарвоқе, Ҳусайин Ойгун “замонавий турк ИШИДчилар эса, 9 ёшли қизларни ҳижобга ўрашмоқда” деганда, яқинда мактабда ўқийдиган қизларга 9 ёшдан ҳижобга ўралиш рухсатини берган ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партияси назарда тутилаётганини ҳам тушуниш керак.

Тўғри, ҳозир Туркия 7 асрда эмас, аммо, бу воқеа ҳам кўрсатмоқдаки, ўша ёққа қараб кетаётгани шубҳасиз.