28 September 2014
01:17 - Қримтатарлар Қурултойининг сессияси Киев ёки Истанбулда ўтказилиши мумкин

Qrim Aqiaqat агентлигининг ktat.krymr.com сайтига асосланиб тарқатилган хабарларга кўра Қримтатарлар Халқ Мажлисининг кеча Қримда ўтказилган йиғилишида (йиғилиш ўтказилган аниқ жой айтилмайди) Қримтатарлар Қурултойининг навбатдаги сессиясини Киевда ёки Истанбулда ўтказиш вариантлари ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда Мажлис Котибиятининг раҳбари Дилавер Акиев айтмоқда.

Маълумки, руслар Қримни шу йил бошида босиб олганидан кейин, бунга қарши чиққан Қримтатарлар Халқ Мажлиси ва унинг аъзолари Москванинг мунтазам босими остида қолдилар. Қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғли ва Қримтатарлар Халқ Мажлисининг ҳозирги раиси Рефат Чубаров Қримга киритилмаяпти, ҳозир улар Киевда яшашмоқда. Мажлиснинг сайти ишламайди. Мажлиснинг Симферополдаги биноси торитиб олинди.

Украина Президенти Петр Порошенко Мустафа Жамилўғлини (расмда) қримтатарлар масаласи бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлади, Москва эса, тахминларга кўра, куч билан Мажлис раҳбариятига ўзи танлаган ва ишонган одамларини қўйдириш ниятида.

Хуллас, қримтатарлар Сталин репрессияларидан кейин шунча йил ўтгач, Путиннинг репрессиялари остида қолмоқдалар. Турк Дунёси мамлакатлари, Россия билан алоқаларни бузмаслик ниятида, жим туришни афзал кўраётганлари ҳам билиниб турибди. Бу эса, ўз навбатида, Путинни яна ҳам рағбатлантирмоқда. Турк Дунёси бу уятли аҳволдан тезроқ чиқиши керак.