10 September 2014
21:27 - ФИРИБГАР ЮРТДОШЛАРИМИЗНИНГ 100 МИЛЛИАРДИНИ ОЛИБ ҚОЧДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи – №33, 07.09.2014)

Бош прокурорнинг қулоғи кар, Президентга арз етиб бормайди, Марказий банк фирибгарга шерик!


2002 йилда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Кредит уюшмалари ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Тузилажак кредит уюшмалари, мамлакат ҳаётидаги янги молия институти фаолиятига Марказий банк маъсул этиб белгиланди. Аслида бу қўйларни бўрига топшириш билан баравар эди.

Дунё миқёсида кредит уюшмалари мамлакат иқтисодиётларининг локомотиви ўлароқ, ҳам ишбилармонлар, ҳам фуқаролар ва унинг ортидан давлат манфаатларини бирлаштирган молиявий муассасадир. Кредит, пул омонати тушунчаси билан яшаётган дунёда кредит уюшмаларини аҳамияти ҳақида гапириш ортиқча. Аммо Ўзбекистонда бу механизм тўла ишлаб кетолмади, десак муболаға бўлмайди. Масалан, раҳбари Д. Йўлдошев 359 нафар омонатчининг 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағини чўнтакка уриб, 2011 йилнинг 6 сентябрида хорижга қочиб кетган “Шарқ юлдузи” кредит уюшмаcи бунга мисолдир.

Пули куйган 359 нафар фуқаро ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош прокуратура, МХХ, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк, Омбудсман сингари мўътабар идораларга мингдан ортиқ мурожаатлар билан чиқишди,аммо натижа йўқ. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бош бошқармаси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари амалда аллақачон ҳаракатдан тўхтаган, Д. Йўлдошев халқаро полиция — Интерпол қидирувига берилганига қарамай гоҳ у мамлакатда, гоҳ бу мамлакатда ялло қилиб юрибди.

Омонатчилар олиб борган хусусий “текширув”ларга кўра, Д. Йўлдошевнинг ҳомийлари Ўзбекистон Марказий банкини бошқаришмоқда. Зеро, бундай дейишга асослар ҳам, далиллар ҳам етарли. Масалан, Д. Йўлдошевни кредит уюшмаига раҳбар қилиб қўйишдаёқ унинг молиявий қонунбузарликлар учун жазо муддатини ўтагани Марказий банк раҳбарларига аён эди. Қолаверса, омонатчилар Д. Йўлдошевнинг қинғирликлари хусусида ҳали “Шарқ юлдузи” барбод бўлмасданоқ Марказий банкка хабар беришган, шикоятлар қилишган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳозирда Д. Йўлдошевнинг устидан порахўрлик, растарата ва талон-тарожлик сингари айбловлар билан иш қўзғатилган, аммо уни ҳеч ким қидираётгани йўқ. Бу орада БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасидан тортиб, туман судларигача мурожаат қилган фуқароларнинг кўнглига оралаган гумон аллақачон ишончга айланиб улгурди: ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ, МАРКАЗИЙ БАНК МУТАСАДДИЛАРИ Д. ЙЎЛДОШЕВГА ШЕРИК!

Омонатчилар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Д. Йўлдошевга оид маълумотларини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига тақдим қилди. Ўзбекистон ИИВ Тергов бошқармаси эса бу маълумотларни синчиклаб текширмаяпти. Омонатчиларинг пуллари эса турк банкларида айланиб, ўша мамлакатлар иқтисодиётига ҳисса қўшаётгани борасидаги маълумотлар ҳам ўрганилмаяпти.

“Ўзбекистон Бош прокуратурасидагилар хоҳлашса, ишни ўрганиши, фуқароларимиз манфаатларини қаноатлантириши мумкин. Ахир, Р. Мадумаров, Г. Авакэян ва Г. Каримова сингари фуқаролардан иборат жиноий гуруҳлар ичи очилаётган бир пайтда аллақандай Д Йўлдошев ким бўлибди” дейди жамиятимиз фаоллари.

Ўзбекистон ИИВ Тергов бошқармасидагилар Д. Йўлдошев “10 йилдами, 20 йилдами барибир қўлга тушади” дейишмоқда. Бу иш ортидан юрган фуқароларнинг эса бу идоралар, энг муҳами Ўзбекистон Республикасининг “Кредит союзлари ҳақида”ги Қонуни ташаббусчисига ишончи сўниб бўлган. “Мол аччиғи — жон аччиғи” руҳида яшаётган 359 фуқаро келаётган президентлик сайловларида арзини тингламаётган Президентга овоз беришармикан?! Фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан муттасил қониқарли деб топилаётган Бош прокурор бу ҳолга нима дейди?