10 September 2014
19:03 - Украинадаги Ғарб тарафдорлари ичида ҳам бирлик-баробарлик йўқ, улар яна битта партия қуришди

Бу мамлакатда шу йил 26 октябрда парламент сайловлари бўлади. Сайловлар бир хил ёки бир-бирига яқин позицияда турган сиёсатчиларни бирлаштириши керак. Аммо, ривожланмаган ёки яхши ривожланмаган жамиятларда тескариси ҳам бўлаверади. Украинада айнан шундай бўлмоқда.

Аввалига ҳамма Ғарб тарафдорлари янги сайланган президент Петр Порошенко атрофида бирлашадигандек кўринди. “Петр Порошенко Блоки” Партияси ҳам яратилди. Бундан икки кун аввалги хабарларда ҳам бу партия номзодлари рўйхатининг бошида ҳозирги Бош вазир Арсений Яценюк, Киевнинг яқинда сайланган ҳокими, “УДАР” партиясининг лидери Виталий Кличко, аввал Юлия Тимошекнонинг ҳукуматида Ички ишлар вазири бўлган, ҳозир Петр Порошенконинг маслаҳатчиси Юрий Луценко, ҳозирги парламент – Олий Раданинг спикери Александр Турчинов бўлиши айтиларди.

Аммо, бугун Киевда “Халқ Фронти”нинг навбатдан ташқари қурултойида унга партия мақоми берилди - “Халқ Фронти” Партияси. Партияга Александр Турчинов раис бўлди. Сиёсий Кенгаш аъзолари ичида Александр Турчиновнинг ўзидан ташқари Арсений Яценюк, Адлия вазири Павел Петренко, Ички ишлар вазири Арсен Аваков ва бир қатор Украинада танилган сиёсатчилар, ҳарбийлар ва жамоат арбоблари бор.

Ҳозир аниқ айтиш қийин. Балки янги партия тузилиши Ғарб тарафдорларининг парчаланиши эмас, қандайдир сиёсий ўйиндир, балки, улар битта сайловолди блокига бирлашишар.

Нима бўлса ҳам, бир позицияда турган сиёсатчилар ички жанжалларга киришиб, ўз мавқеларини кучсизлантириб қўйишмаса бўлди. Ўзбекистон ва Озорбайжонда бўлгани каби.