08 September 2014
06:53 - Бечора президентимиз янги факультет очишдан бошқа нарсага қодир эмас, у “Бирлик”дан ўрганиши керак

Бугун эълон қилинган хабарларга кўра, Ислом Карим 3 сентябрда “Тошкент Давлат Шарқшуномлик Институти таркибида Хитойшунослик факультети очиш ҳақида”ги фармонни имзолабди.

Хитой аҳолисининг сони бўйича ҳозир жаҳонда биринчи ўринда бўлса ҳам, яқинда Ҳиндистондан кейин иккинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида хитойшунослик ва ҳиндшунослик факультетларининг очилиши - ғоят табиий ва олқишга сазовор қадамлардир. Аммо, бундай факультет очиш учун давлат раҳбарининг фармони керакми? Йўқ. Буни тегишли вазирликнинг ўзи ҳам қилолади.

Давлат раҳбари давлат савиясидаги ишлар билан шуғулланиши керак. Факультет очиш давлат савиясидаги иш эмас ва бундай иш бўлолмайди.

Ислом Карим ўзининг сиёсатчи эмас, иқтисодчи эканлигини урғулашни яхши кўради, аммо иқтисоднинг “и”сини ҳам билмайди. Билса эди, Ўзбекистон ўз иқтисодининг кучи бўйича ривожланган мамлакатлардан 30-40 баравар орқада эканлигини қўйиб туринг, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқада қолганига чидаб ўтиролмасди. Иқтисоднинг кучи ўртача ойликни ҳам белгилашини ҳисобга олсак, ўртача ўйлик бўйича ҳам Қозоғистон ва Тукрманистондан 8 ва 6 баравар орқадамиз. Шу кетишда, яқинда бу мамлакатлардан ҳам 20-30 баравар орқада бўламиз. Ўзбеклар қозоқ ва туркманларга мардикорлик қилаётган миллатга айланиш йўлидан кетмоқда.

Ўзбекистон президенти шу масалалар билан шуғулланиши керак, аммо шуғулланолмайди. Чунки, бундай муаммоларга тиши ҳам ўтмайди.

Бу муаммоларнинг борлигини биринчи бўлиб “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Ахборот Агентлиги гапиришга бошлади. “Бирлик” ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” биргаликда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволини тўғри ифодаладилар. Аниқроғи, Ўзбекистон давлатнинг касаллигига тўғри диагноз қўйдилар. Диагноз қўйиш – даволашга тўғри йўл кўрсатишдир. Шундай экан, ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатининог келажагини ўйлайдиганлар “Бирлик” Партияси атрофида бирлашишлари керак.

Бошқа йўл йўқ.