
Президент Барак Обама АҚШнинг “Ироқ Левант Исломий Давлати” (ИЛИД) номли қуролланган террористик гуруҳга қарши кураш стратегияси чоршанба кун эълон қилинишини билдирар экан, бу ишда Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иорданиядан ёрдам кутаётганларини ҳам урғулади.
Авваламбор шуни айтиш керакки, ИЛИДни ИШИД (Ироқ Шом Исломий Давлат) деб айтувчилар ҳам бор. Аслида Левант ва Шом сўзларининг маъноси битта - Ўртаер денгизининг шарқий қисмидаги Сурия, Ливан, Исроил, Иордания, Филистин, Миср, Туркия каби давлатларнинг умумий ҳудудларидир. Демак, ИЛИД ёки ИШИДнинг мақсади шу мамлакатларнинг ҳуддудларида Халифалик қуриш бўлиши керак эди. Аммо, мақсад сифатида Испаниядан Хиндистон ва Хитойгача бўлган ҳудудалрда Халифалик қуриш эълон қилинди, демак, ИЛИД ёки ИШИДни “Исломий Давлат” деб аташ тўғрироқ бўларди.
Хуллас, чоршанба куни АҚШ бу Исломий Давлат номли террористлар гуруҳи билан кураш стратегиясини эълон қилмоқчи. Аммо, бу стратегия ҳозирданоқ маълум – уни йўқ қилиш.
Агар АҚШ ўз стратегиясини эълон қилмаса, Исломий Давлат тузилиб қолармиди? Йўқ. Халифалик яратиш - ўрта асрларнинг режаси бўлиб, утопиядан бошқа нарса эмас. Давлатлар тузиш, уларни бирлаштириш – сиёсий масаладир. Ҳеч қандай дин сиёсий масалаларни ҳал этолмади ва этолмайди, шу сабабли дин сиёсий масалалардан четда туриши керак. Насронийлар айнан шундай қилгандан кейин дунёга ҳукмрон бўлганини унутмайлик.
Ислом динининг ўзи бу масалани вақтида тушунмаса, уни тўғри йўлга Ғарб солади. Бу Исломнинг охири бўлади. Динимизни сақлаб қолишнинг ягона йўли – “Ҳаракат” сайтида таклиф қилинаётгандек, Исломда ислоҳотлар ўтказиш ва биринчи навбатда дунёвийлик (секуляризм) принципини тан олишдир.