06 September 2014
01:13 - “ПАХТА-2014” КАМПАНИЯСИГА САФАРБАРЛИК ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №31, 05.09.2014)

2014 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан “Пахта-2014” кампаниясига оммавий сафарбарлик эълон қилинди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Бухоро ва Самарқанд бўлимлари фаоллари 5 сентябрь кунидан бошлаб “Пахта-2014” кампаниясига оммавий сафарбарлик эълон қилингани ҳақида хабар қилишди. Фаолларимизга кўра, мамлакат бўйлаб эълон қилинган оммавий сафарбарлик чоғида асосан бюджет ташиклотлари ходимлари, хусусан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт бирлашмалари ходимлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлиги, Республика касб-ҳунар таълими маркази тасарруфидаги ўқув юртлари талабалари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбексавдо”, “Ўзбеккўмир”, “Ўздонмаҳсулот” сингари ширкатлар вакиллари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ходимлари ҳашарларга жалб этилди.

Характерли жиҳати пахта теримига ноҳукумат ташкилотлари, хусусн, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Маҳалла”, “Нуроний” хайрия жамғармалари ходимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раҳбар органи вакиллари, илмий марказлар ходимлари ҳам сафарбарлик қилинган. Бундан ташқари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм аскарлари, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг айрим бошқармалари ва вазирлик тизимидаги муасссасалар вакиллари ҳам жалб этилган.

Маҳаллий давлат ҳокимлиги вакиллари турли даражадаги кузатувчиларнинг, хусусан, БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти, дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари томонидан мониторинг олиб борилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган. Кампания олдидан ўтказилган мажлис ва тадбирларда Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳамжамият кўз ўнгида болалар меҳнати туфайли танқидлар остида қолаётгани таъкидланган ва болаларнинг пахта теримига жалб қилинишига йўл қўймасликка кўрсатма берилган.

Шунингдек, махсус пахта ҳашари штаблари, маҳаллий давлат ҳокимяти органларига шу йилнинг 10 сентябридан вилоятлардаги оммавий савдо мажмуалари, бозорлар, дам олиш масканларини чекланган тартибга ўтказиш, мавсумга халал бериши мумкин бўлган барча ҳолатларни бартараф этишга топшириқ берилган. Мазкур ҳолатни бевосита назора қилиш бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси, ИИВ, МХХ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва бошқа мутасадди органлар иштирокида гуруҳлар тузилган.