05 September 2014
22:32 - Ўзбекистонда уй қамоғи жорий қилинди
Кеча Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жиноят содир этганликда гумонланган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини қўллаш тўғрисида Жиноят-процессуал кодексига тузатиш киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи каби ҳолатлар ҳисобга олиниб уй қамоғи қўлланилади.

Қонунга кўра, уй қамоғидаги шахснинг муайян шахслар билан алоқада бўлиши, хат-хабар олиши ва жўнатиши, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиши, уй-жойини тарк этиши тақиқланади, дейилади бу ҳақда тарқатилган хабарларда.