02 September 2014
22:24 - Болалар меҳнати масаласида АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга ён берди
АҚШ Давлат Департаментининг 2014 йилда одам савдоси бўйича маърузачисига кўра, БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) “Ўзбекистонда 2013 йилги пахта йиғим-терими даврида тизимли асосда мажбурий болалар меҳнати ишлатилмаган” деган хулосага келибди. Бундай хушхабар қатор маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп қилинган. Хусусан, ҳукумат кўзқарашини ифода этувчи “12news.uz” сайтига кўра, 2013 йилнинг сенятбрь ва октябрь ойларида Ўзбекистон ҳукумати илк марта Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияси талаблари асосида пахта териш жараёнини мониторинг қилишда ҳамкорлик қилган.

ХМТнинг ҳукумат вакиллари ҳамроҳлигидаги мониторинг гуруҳи мазкур Конвенция талаблари бузилиши бўйича 53 та ҳолатни қайд этган. Шунга қарамай болалар меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистонда тизимли эмас ва бу борада 8 нафар фермер болаларни ишлатгани учун жавобгарликка тортилган, 3 нафари огоҳлантирилган. “Ҳукумат икки марта 15 ёшга қадар болаларнинг пахта теримига жалб қилинишини тақиқлаш бўйича тегишли ҳужжат эълон қилган. ХМТ Ўзбекистон ҳукумати мониторинг қилишга рухсат берганини ижобий баҳолаган” дейилади хабарда.