13 August 2014
14:29 - Россия Украинанинг жанубига гуманитар ёрдам юборди, аммо у ёрдам фақат гуманитарми?
Владимир Путин Украинанинг жанубини Қрим каби босиб олса, Ғарбнинг санкциялари яна ҳам ортишидан қўрқиб, биров террорист, биров жангари деб айтаётган Луганск-Донецкдаги ўз одамларини қўллаб-қувватлаш учун турли йўллар қидириш билан овора. У аввал Украина жанубига тинчликсевар кучлар ниқоби остида ўз армиясини киритмоқчи бўлд. Ғарбдан келган кескин огоҳлантиришлар уни тўхтатди.

Энди у гуманитар ёрдам ниқоби остида бир нарсалар қилишга уринмоқда.

Ғарб сиёсатчиларини қўйиб туринг, аввал “Қизил Хоч” ташкилоти, кейин БМТнинг Бош Котиби гуманитар ёрдам ёрдам берилаётган давлатнинг розилиги билан ва айнан “Қизил Хоч” иштирокида гуманитар ёрдам бошқа давлатга олиб кирилиши кераклигини гапирдилар. Россия бу шартларни қабул қилишга мажбур бўлди. Лекин, барибир ҳар хил ўйинлар қилиш билан овора.

Турли хабарларга кўра, Россия тарафи гуманитар ёрдам деб аталадиган юк ичига ҳарбий ашёлар қўшиб юбормоқда. Шу сабабли Украина тарафи юкларни чегарада текширмасдан ичкарига ўтказмалигини билдирмоқда. Россия яна битта янги ўйин ҳам ўйлаб топибди. Нимамиш, юклар Луганск вилоятига Харьков вилояти олиб кирилармиш. Ваҳолангки, Россиянинг Луганск вилояти билан умумий чегараси бор, у ерларда яхши автойўллар бор.

Украина Ички Ишлар вазири Арсен Аваков Файсбукдаги саҳифасида “Путиннинг гуманитар ёрдамини Харьков вилояти орқали ўтказмаймиз. Бу бизнинг расмий қароримиздир. Аммо, ўз номимдан қўшимча қилиб айтаманки, ўша ёрдам ичида келаётган 30 тонна тузни Путин ...га сепсин”.

Хуллас, Москва вилоятидан юборилган ва Украина чегарасига бугун етиб келадиган Россиянинг гуманитар ёрдами вазиятни яна ҳам ёмонлаштириб юбориши мумкин.

Расмда - Гуманитар ёрдам олиб келаётган автомомашиналар.