
Тошкент вилояти Занги ота туманининг пойтахтга туташ ҳудудида жойлашган Чинни бозорига кеча тунда ўт кетди. Йирик бозорда жойлашган савдо расталарининг қарийб ярми ёниб кул бўлди. Ҳозирда бозорга қасддан ўт қўйилган деган версия кўпроқ ўрганилмоқда. Чунки унинг 20 нафардан зиёд раҳбари бозор қурилишидаги фирибгарлик боис маҳкамага тортилган эди.
Тун ярмидан оққанда бошланган ёнғин маҳаллий ўт ўчирувчилар томонидан 1,5 соатда ўчирилган, аммо бунгача бозорнинг ярмидан кўпи култепага айланган. Кўплаб савдогарларни юрак хуружи тутган, келтирилган умумий зарар миқдори бир неча миллардни ташкил этади. Бу хусусда деярли барча оммавий ахборот воситалари хабар тарқатиб бўлди. Аммо Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамият матбуот хизмати тарқатган пресс-релиз эътиборга молик.
Релизда таъкидланишича, бозордаги тадбиркорлар ҳуқуқлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши, келтирилган зарарга нисбатан компенсациялар тўланиши лозим. Боиси 51 фоизи акциялари давлатга тегишли бозорлар муҳофазаси учун давлат органлари масъулдир, аммо бу борада ҳокимият ҳозирча бирор иш қилмоқчимас.