12 August 2014
20:34 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Шукрулло домланинг ҳасратлари”
Чорлагаймиз бирликка халқни,
Лек, ўзимиз тарқоқ ва қолоқ.
Шеърларимиз шул сабаб мужмал
Сўзимизга эл солмас қулоқ.

Дилда ният эъзгу бўлса гар,
Воз кечайлик ғийбат-вабодан.
Шундай мардлик, тантилик билан
Уялтирган ёвни боболар.

Хўш, не кетди Абдулла Ориф
Рауф Парфи зўр деса ғоят.
Эркин Воҳид бундан суюнса,
Шуҳратига етмас талофат.

Нима кетди Пиримқул Қодир
Одил Ёқуб буюкдир деса.
Стальский улуғвор., чунки -
Сиғинади унга Цадаса...

Нима кетар сал ўзни тийсак,
Ҳар хил унвон, темир терсакдан.
Минг ботмонлаб олқишлар олдик,
Қабардику қўллар қарсакдан.

Нима қилдик, нима яратдик,
Халқим суюб етса қадрига.
Етмиш йиллик ёзганларимиз,
Арзимайди Қуръон сатрига.

Йўқ нарсани талашиб роса
Бўлдик тоза бўлганимизча.
Ахир, Ватан бизники эмас -
Гуноҳкормиз ўлганимизча!

Эл жовдираб бизга термулар
Ёзувчилар ҳар ишга қодир.
Жуда мудҳиш фожеа дўстлар -
Кўролмаса шоирни шоир...

Ҳамроқул Асқар