01 August 2014
18:00 - Дунёда яхши нарсалар ҳам бор: Америкалик олим бир дарахтда 40 хил мева етиштирди

Ғазо, Сурия, Ироқ, Украина, Афғонистон, Покистон, Ливия ва Африканинг яна бир қатор мамлакатларидан келаётган қонли хабарлар одамни даҳшатга туширади. Ҳар дақиқада ўнлаб киши нобуд бўлмоқда. Бу дунёга нима бўлмоқда ўзи, ахир 21 асрда яшамоқдамиз?

Ҳа, дунё шунақа ўзи. Қон дарё бўлиб оқмоқда. Аммо, ҳаёт давом этмоқда ва давом этаверади. Дунёда яхши ва чиройли хабарларга асос бўладиган яхши ва чиройли воқеалар ҳам йўқ эмас. Мана улардан биттаси.

АҚШдан келган хабарда айтилишича, ген масалалари билан шуғулланувчи профессор Сэм Ван Акен бир дарахтда 40 хил мева етиштиришга эришибди. Яъни, у бир дарахтга бошқа 39 дарахтнинг куртакларни пайванд қилиб, кўз ўнгингизда турган расмдаги гўзал манзарани яратибди. Гап фақат гўзал манзарада эмас, илм-фаннинг шу каби бир қарашда оддий бўлган йўналишларида ҳам ривожланиш давом этаётганида.