19 July 2014
01:26 - Малайзия учоғининг уриб туширилишидан таъсирланган Нью-Йорк фондлар биржаси кеча пастга шўнғиди, бугун тикланди ҳисоб
Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dow Jones индекси тарихда биринчи марта 17 мингдан ошганини 2 ҳафта аввал ёзган эдик. Ўша кундан бери асосан 17 мингдан юқорида ўйнаб, ҳатто кеча эрталаб тарихий рекорд (17151) қўйишга ҳам улгурган Dow Jones пешин соатларида тўсатдан пастга шўнғиди. Сабаб – айнан ўша соатларда, Украинада кечқурун эди, Донбасс устида Малайзия йўловчи учоғи уриб туширилди.

Dow Jones индексининг сезгирлигига қаранг, балки, у жаҳон уруши бошланади деб ҳам ўйлагандир. Хуллас, кеча Нью-Йорк фондлар биржаси бекилганда, Dow Jones индекси тахминан 170 поғанага шўнғиб, 17 мингдан ҳам пастга тушганди.

Бугун маълум бўлдики, Малайзия учоғининг 300 йўловчиси ҳалок бўлишига қарамасдан, дунёда ҳозирча катта ўзгариш йўқ. Ҳамма учоқни ким уриб туширгани устида ўйлаш ва турли тахминлар қилиш билан овора.

Бу нарса Нью-Йорк фондлар биржасида ҳам ўз аксини топди. Кун бўйи 123 поғанага юксалган Dow Jones 17100 га чиқди.

Авваллари кўп марта такрорлаган фикримизни яна қайтарамиз.

АҚШда ишлаётган ўзбеклар фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмадиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.

Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар АҚШда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, бу ерда пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар фойдали бўлади.

Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, Американи ҳам мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.