18 July 2014
22:48 - Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси Қозоғистондан 5-6 баравар камлигини қўйиб туринг, Алишер Усмоновнинг ҳамёнидан ҳам кам

Бугун Давлат Статистика Қўмитаси шу йилнинг илк ярим йиллигида мaмлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 14 миллиард АҚШ долларини ташкил қилгани ҳақида маълумот тарқатди. Бу рақам солиштирилса, миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳамёнидаги пулдан кам, Испаниянинг “Реал” ва “Барселона” клуби молиявий ҳолатидан юқорироқ. Ўтган йилнинг шу даврида бу миқдор 6,3 фоиз камроқ эди, демак ўсиш бор. Ташқи савдо айланмамиз йилига 6 фоиздан ўсмоқда экан.

Келинг, яна таққослайлик. Қозоғистон Республикаси Давлат Статистика Агентлигига кўра бу мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси шу йилнинг 5 ойида (Ўзбекистонда 6 ой!) 50,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этибди. Бу рақам ўтган йилнинг шу давридан 2,7 фоизга кам экан.

Статистика Қўмитаси ҳисоботида Ўзбекистонда экспорт ҳажми – 7 миллиард 220 миллион долларни , импорт ҳажми эса 6 миллиард 740 миллиард долларни ташкил қилгани айтилади. Қозоғистонда эса экспорт ҳажми (январь-май) 35,4 миллиард, импорт - 15,5 миллиардни ташкил этган.