16 July 2014
23:16 - Озорбайжон Халқ Фронти Партияси 25 йиллигини нишонлади, Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси қачон нишонлайди?

Бугун Бокуга яқин бўлган Амиражон шаҳарчасининг Маданият саройида Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг 25 йиллигига бағишланган бир неча юз киши иштирокидаги тантанали мажлис бўлди.

Аввал Озорбайжон Халқ Фронти деб аталган ташкилотнинг Ташаббус гуруҳи 1988 йилнинг сентябрь ойида тузилган эди. Афтидан, ҳозир Озорбайжон Халқ Фронтининг Таъсис қурултойи ўтказилган куннинг 25 йиллиги нишонланмоқда. СССРда кўп партияликка рухсат берилиши биланоқ бу ташкилот ўзини Озорбайжон Халқ Фронти Партияси деб атади.

Йиғилганларнинг сал кам тинимсиз гулдурос қарсаклари ва “Озодлик” дея ҳайқиришлари остида ўтган тантанали мажлисда партиянинг асосчиларидан бири ва унинг биринчи раиси Абулфайз Элчибейнинг бевақт ўлимидан бери иккинчи раис бўлиб келаётган Али Каримли оташин нутқ сўзлади.

Мажлисга табирикнома юборганлар ҳам, Али Каримли ҳам, бошқа нотиқлар ҳам Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг миллат ва давлат учун қилган ишларини фахр билан тилга олдилар, унинг тўла қонли фаолиятига йўл бермаётган мавжуд ҳокимиятни қораладилар.

Аммо, дейди мухбиримиз, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси ва бир қатор демократик ташкилотлар расман рўйхатдан ўтказилиб, сайловларда иштирок этиш ҳаққига эга бўлсалар ҳам, Озорбайжонда демократия ғариб аҳволда, мухолифат тарқоқ, халқнинг эса ҳеч нарса билан иши йўқ. Худди ўзбеклар каби бугунги дастурхони ва чўнтагини ўйлайди. Аммо, бундай фактлар мажлисда тила олинмади. Айниқса, мухолифатнинг тарқоқ эканлиги мавжуд режимнинг фойдасига ишлаётгани ва бу йўналишда нималар қилиш кераклиги тилга олиниши керак эди. Минг афсуски, олинмади. Демак, яқин орада ҳеч нарса ўзгармаслигининг эҳтимоллиги жуда катта.

Шу муносабат билан Ўзбекистондаги ўхшашликларни ҳам эслашдан фойда бор.

Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташаббус гуруҳи озорбайжонлардан 2-3 ой кеч, аниқроғи, 1988 йил 11 ноябрда тузилган. “Бирлик”нинг Таъсис Қурултойи 1989 йил 28 май куни ўтказилган. “Бирлик” Халқ Ҳаракати ички низолар туфайли ўз вақтида ўзини партия деб эълон қилиш имкониятига ҳам эга бўлмади ва 2003 йилнинг августидагина “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айланди. Демак, “Бирлик”нинг 25 йиллиги шу йил 28 майда бўлди. Аммо, бу кунни байром қилиш имконияти Ўзбекистонда йўқ.

Озорбайжон мухолифати тилга олмаётган факторларни, яъни мухолифат ичида бирлик-баробарлик бўлмагани, ўзбекларга хос бўлган миллат ва давлатга нисбатан сотқинлик қилиш одати баъзи мухолифатчиларнинг ҳам табиатига айлангани, ўзбеклар миллат сифатини ҳам йўқотган подага айланиб бораётганини айнан “Бирлик” тилга олмоқда. Бор камчиликларни гапириш келажак учун муҳимлигини эътиборга олсак, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси келажакнинг асосларини яратаётганини тушуниш мумкин.

“Бирлик” ўз юбилейларини Озорбайжонда каби бир неча юз кишининг ёпиқ эшиклар орқасидаги йиғилиши сифатида эмас, очиқ майдонларда юз минглаб, балки, миллионлаб одамларнинг иштирокида ўткзадиган кунларни яқинлаштириш учун курашмоқда, шундай кунлар албатта келади.