16 July 2014
14:38 - Москва машҳур диссидент Валерия Новодворская билан видолашмоқда

1950 йилда туғилган ва шу йил 12 июлда вафот этган бу аёлни турли манбаларда сиёсий арбоб, диссидент, ҳуқуқ ҳимоячиси, мустақил журналист, либерал руҳдаги “Демократик иттифоқ” ва “Ғарбий танлов” партияларининг асосчиси деб таърифлашади.

Аслида, Валерия Новодворскаяни тўла таърифлаш учун санаб ўтилган жиҳатлар ҳам етрасиз. У ўта мураккаб аёл. Лекин, унинг инсоний табиати ва фаолиятини таърифлаш учун диссидент ифодаси етрали. Диссидент - ўз дунё қараши билан ўзи яшаётган жамиятда қабул қилинган ёки қабул қилдирилган дунё қарашдан ажралиб турадиган инсондир. Валерия 1969 йилда, яъни 19 ёшга кирар-кирмас, мавжуд коммунистик режимни қуролли қўзғолон йўли билан йиқитишни мақсад қилиб қўйган талабаларнинг яширинча гуруҳини тузганиёқ, у сиёсатдан узоқ одам эканлигини кўрсатади. Шундай бўлса ҳам, у то СССР қулагунча бу режимга қарши турли йўллар билан курашди, кўпроқ ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғулланди дейиш мумкин.

Лекин, тахмин қилиш қийин эмаск, Валерия Новодворская АҚШда туғилса ҳам диссидент бўларди, бу ердаги жамиятни яна мукаммаллаштириш ҳаракатида бўларди, чунки диссидентлик унинг табиатида. У яхши нотиқ, яхши журналист, сўнги йилларда яхши видеоблогер эди.

Аммо, уни сиёсатчи деб аташга ҳеч қандай асос йўқ. У икки марта партия тузишга ҳаракат қилди, иккала уриниши ҳам натижасиз қолди. Аввал СССРдаги, кейин Россиядаги, айниқса, Путин даври Россиясидаги тузумни ашаддий танқид қилди, аммо бу тузумларни ўзгартириш учун ҳеч бир конструктив йўл таклиф қилолмади, ҳатто бунга ҳаракат ҳам қилмади. Чунки, унинг асосий касби танқидчилик эди.

Нима бўлганда ҳам, Валерия Новодворская инсоният ҳаётида ўзгаришлар, яхши томонга ўзгаришлар қилиш ниятида яшаган ва бу ниятидан ҳач қачон тоймаган инсон сифатида тарихда қолади. Янги диссидентлар унинг хатоларини ўрганиб, самарали ишлар қилишни ўрганишлари керак.

Хабарларга кўра, бугун Сахаров марказида Валерия Новодворская билан видолашув маросими бўлмоқда, кейин унинг жасади кремация қилинади, бу унинг истаги бўлса керак, ва ҳоки Москвадаги Дон қабристонига қўйилади.