26 June 2014
01:01 - Дунё ахборот воситалари Ражаб Эрдўғон Туркия президентлигига номзод бўлишини хабар қилмоқдалар
Аслида, Туркияда ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг (АТП) раиси, Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон шу йил август ойида бўладиган президент сайловларида ўз партиясининг номзоди сифатида қатнашиши ҳеч кимга сир эмасди. Ҳамма шундай бўлишига ишонарди. Номзодликни қўйиб туринг, у сайловларда ғолиб чиқиши ҳам ҳозирданоқ маълум деса бўлади. Бу ҳақда биринчилар қатори “Ҳаракат” Агентлиги хабар берганди.

Ҳозир нима бўлдики, дунё бу мавзуни муҳокама қилмоқда?

Бугун Туркия Бош вазирининг ўринбосари Булент Аринч Истанбулда қандайдир кўргазманинг очилишида қатнашиб, сайловлар хусусида журналистлар томонидан берилган саволга айнан шундай жавоб бергани Туркия матбуотида эълон қилинди:

“1 июль сешанба куни Оллоҳ қисмат этса, бирор тўсиқ чиқмаса, ҳурматли Бош вазиримизнинг президентликка номзод бўлиши жуда катта эҳтимоллик билан эълон қилинади. Биз шуни орзу қиламиз.
Бу ҳақда маслахатлашганимизда, ҳамма ҳурматли Бош вазиримизнинг президентликка нмзод бўлиши кераклигини билдирди. Энди бир нарса қолди, бу ҳам бўлса, ҳурматли Бош вазиримизнинг бу хусусдаги қарори”.

Бош вазир ўринбосари жуда эҳтиётлик билан гапирган. Аммо, ҳамма тушунадики, Ражаб Эрдўғон президентликка номзод бўлиши аниқ ва бу ҳақда 1 июль куни эълон қилинади.

Дарвоқе, Эрдўғоннинг партия бўйича ўринбосари Меҳмет Али Шоҳин журналистлар олида айтган қуйидаги сўзларини шу йил 1 июнь куни Туркия матбуотига асосланиб биз ҳам тарқатган эдик: “Туркияга президентлик системасини келтирамиз. Президент бўлиб сайланадиган Бош вазир Эрдўғон, ҳам партиямиз вакили, ҳам президент сифатида, 2023 йилгача миллатимизга хизмат қилади”.

Шундай экан, Туркия ахборот воситаларининг ўзи ҳам бугун Булент Аринчайтган сўзларни сенсация каби хабар қилаётганлари қизиқ кўринади. Аслида, айтиш керакки, турклар шунақа ўзи, ҳамма нарсани сенсация қилиб кўрсатишни яхши кўришади.