
Расмий матбуотда Ўзбекистон Президентининг Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Дунёвий, яъни дин давлатдан ажратилган Ўзбекистонда бундай қарор чиқрилишининг ўзи кулгили ва антиконституцион актдир.
Қарорнинг биринчи моддасида “2014 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 28 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин” дейилади. Қизиқ, бу факт қабул қилинди нимаю, қабул қилинмади нима? Мусулмонлар айнан 28 июнь куни Рамазон ойини бошлайдилар, тамом-вассалом.
Қарорнинг 2-чи моддасида маҳаллий ҳокимият органларига Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилади. 3-чи моддасида эса, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилади.
Қизиқ, маҳаллий идоралар ҳаммага оғиз очиш ва намоз ўқиш миллий одатларимизга қарши эмаслиги ҳақида лекциялар ўқишлари керакми? Ахборот воситалари нимани ёритадилар? Кимнинг ўйида оғиз очиш пайтида нималар ейилганини ёзишадими?
Хуллас, Ўзбекистонда қаёққа қараманг, ҳамма ерда масхарабозлик.