25 June 2014
18:37 - Туркия Конституцион Суди ҳижоби туфайли судга киритилмаган аёл адвокатнинг ёнини олди

Туркия матбуотидаги хабарга кўра, мамлакатнинг Конституцион Суди (туркчасига Онаясса маҳкамаси) бошида ҳижоб борлиги сабабли суд залига киритилмаган адвокат аёлнинг шахсий аризасини кўриб чиқиб, 16 га қарши 1 овоз билан унинг Конституцияда кафолатланган тенглик, дин ва виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилганини эътироф қилди.

Конституцион Суднинг бу эътирофи ҳижобли аёл адвокатларга ҳижоб билан суд залига кириш ҳуқуқини бериб-бермаслиги матбуотда муҳокама қилинмайди. Чунки, судга берилган ариза шахсий бўлиб, олинган қарор ҳам фақат шу воқеага таалуқлидир. Аммо, ҳеч шубҳасиз, Конституцион Суднинг бу қарори ҳижобли аёллар учун судга кириш йўлини очади.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда бир йилча аввал аёлларга жамоатчилик жойларида ҳижоб билан юришни тақиқловчи қонун бекор қилинган эди.

Аслида, дейди мухбиримиз, аёлларга ҳижоб билан жамоатчилик жойларида пайдо бўлишга рухсат берилиши унчалик муҳим нарса эмас, аммо бу каби қадамлар ҳар қандай мамлакатни илгарига эмас, секин-аста бўлса ҳам, ўрта асрлар томон юришига сабаб бўлмайдими, деган савол туғилиши табиийдир.