13 June 2014
16:39 - Украина жанубида уруш давом этмоқда, бечора Путин ҳали ҳам қарорсиз
Донецк ва Луганск вилоятларининг асосий қисми ҳали ҳам сепаратист/террористлар қўлида. Улар Украинадек давлатнинг армияси билан бемалол беллашаётганлари – бу террористлар феълан Россия қуролли кучларининг бир қисми эканлигини очиқча кўрсатмоқда. Қаранг, бу террористларда ҳамма замонавий техника бор, оддий қуролларнинг қўйиб туринг, танклар, бронетранспортерлар ва кўчма ракета-зенит қуроллари бор. Россия уларга ҳарбий учоқлар ҳам берса, террористлар расмий армияга айланади.

Лекин, кўринишидан, Россия армияси тўғридан-тўғри урушга аралашмаса, Украина армияси Донецк ва Луганск вилоятларида тузилган масхарабоз Халқ Республикаларини тезда йўқ қилади.

Бугун Луганск вилоятида икки тарафнинг тўқнашув марказларидан бири бўлган Мариуполь шаҳри террористлардан бутунлай тозаланди. Украинанинг янги Президенти Петр Порошенко вилоят ҳокимлигини Донецк шаҳридан Мариуполга ўтказиш қарори берди. Украина Россия билан сал кам 2 минг километрлик чегарасига темир девор ўрнатишни ҳам ўйламоқда. Бунинг учун 100 млн доллар керак экан.

Украина 27 май куни Гуржистон ва Молдова билан биргаликда Европа Иттифоқига кириш кунини яқинлаштирадиган Ассоциация Шартномаси имзолашга тайёрланмоқда.

Ғарбнинг жорий қилиб бўлинган ва ваъда қилинаётган санкциялари остида бели букилиб қолган Россия Президенти Владимир Путин Украина жанубига ўз армиясини олиб кириш қарорини беролмаяпти. Қарорини берса, совуқ уруш орқага қайтмайдиган йўналишга чиқади ва охир-оқибатда Россия Федерациясининг куни битади. Бермаса, обрўси бир тийин бўлган Россия Федерациясининг куни яна ҳам тезроқ битади.

Ҳа, бечора Путинга қийин. Аслида, унинг учун энг яхши йўл – вассали Ислом Каримни ҳам олиб Марсга учиб кетиш. Аммо, русларнинг Марсга учадиган кемалари, уни фазога олиб чиқоладиган ракеталари ҳам йўқ. “Союз” номли кемалари эса, узоғи билан америкаликларнинг Халқаро Фазовий Станциясига етиб боролади.