2008 йилда бошланган аввал молиявий, кейин иқтисодий кризис, биринчи навбатда, ривожланган давлатларни урганини доимо урғулаб келган мухбирларимиз, дунёда бўлаётган иқтисодий ва сиёсий интеграцион жараёнлар туфайли кризис секин-аста ўрта даража ривожланган давлатларга, кейин ривожланмаган давлатларга етиб келишини башорат қилишарди. Ҳозир айнан шундай бўлмоқда.
Ривожланган Ғарб давлатлари кризисдан чиқди ҳисоб, Россия ва Қозоғистон каби ўрта даража ривожланган давлатларда эса, кечроқ бошланган кризис ҳозир авжига чиқмоқда. Масалан, Россияда Ялпи Ички Маҳсулотни ўсиши 2011 йили 4,3%, 2012 йили 3,4%, 2013 йилда эса бор-йўғи 1,3% бўлди.
Қозоғистонда 2011, 2012 ва 2013 йиллари ЯИМнинг ортиши 7,5%, 5%, 4,8% бўлди.
Ривожланмаган, киши бошига ЯИМ бўйича Россия ва Қозоғистондан 8 баравар, яъни 800% орқада қолиб кетган Ўзбекистонда сўнгги йилларда ЯИМ 8% фоиз атрофида ортиб борарди. 8% катта ўсишдек кўринади, аммо ЯИМнинг ҳажми бизда жуда кичкина бўлгани сабабли, 8 фоизли ўсишнинг катта самараси йўқ.
Фараз қилайлик, Ўзбекистонда ҳар йили 8% ўсиш бўлади, Қозоғистонда эса мутлақо ўсиш бўлмайди. Шундай давом этаверса, қозоқларга 100 йилдан кейин етиб оламиз. Амалда Қозоғистон, худда Ғарбда бўлгани каби, бир неча йилдан кейин кризисдан чиқади, демак, иқтисодда инқилобий ўзгаришлар қилинмаса, Ўзбекистоннинг Қозоғистонда орқада қолиш даражаси ортиб боаверади. Тахминан 20 йилдан кейин, қозоқлардан 30-40 баравар орқада бўламиз.
Ўрта даражада ривожланган мамлакатлардан кейин кризис Ўзбекистон каби ривожланмаган давлатларга етиб келиши ҳақидаги тахмин-башоратларимиз ҳам тўғри чиқмоқда.
Жаҳон Банкининг 2 кун аввал эълон қилган “Глобал Иқтисодий Перспективалар” (Global Economic Prospects) номли ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиши бу йил 7%, 2015 йилда 6,7% фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу оптимистик прогноз, аслида тушиш бундан ҳам кўп бўлади.
Қаранг, АҚШда кризис 2008 йилда бошланган эди, Қозоғистон ва Россияга 2012 йилда етиб келди, яъни 4 йилдан кейин. Бизга эса Россия ва Қозоғистондан 2 йил кейин келмоқда. Чунки, иқтисодимиз уларга боғлиқ.
Расмда – Жаҳон Банкининг Вашингтон марказидаги биноси.