03 June 2014
20:16 - Қамоқдан чиқарилган “Эзгулик” фаоли Абдурасул Худойназаровнинг аҳволи оғир
30 май куни муддатидан аввал озод қилинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли Абдурасул Худойназаровнинг аҳволи оғирлашган. Республика Онколония илмий марказида текширувлардан ўтказилган ҳуқуқ ҳимоячисида 4-босқичли жигар саратони мавжуд экани, тиббий жиҳатдан унинг саноқли кунлари қолгани маълум бўлди. Узоқ йиллик қамоқ ва руҳий тушкунлик, ўткир ўпка сили (туберклёз) ва аденома хасталиги саратон ривожланишига шароит яратган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди ажрими билан озод қилинган Абдурасул Худойназаров ҳозирда Тошкент шаҳар Онкология илмий марказига даволаш учун ётқизилди. Унинг аҳволи оғир. Саратондан ташқари уни ўткир ўпка туберклёзи, простотит ва геморрой хасталиги ҳам бевовта қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Абдурасул Худойназаров жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-модда (Ҳужжатларни сохталаштириш) айблари билан 2006 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 12.01.2006 йилда 9,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.