25 May 2014
14:30 - Бугун Украинада навбатдан ташқари президент сайловлари бўлмоқда

Оддий воқеа бўлиши керак бўлган сайловлар қанчалик нооддий эканини ҳамма билади. Украина Москва атрофида ва унинг ташаббуси билан тузилаётган Евросиё Иқтисодий Бирлиги, Божхона Иттифоқи каби структураларга кириш ўрнига ЕИга аъзо бўлиш йўлини танлаётгани Россиянинг ғазабини келтирди. Ҳозир Россия Украинани тиз чўктириш, акс ҳолда уни парчалаш, Қримни босиб олгани каби, Украинанинг жанубий вилоятларини ўзига куч билан қўшиб олиш ҳаракатида. Украинадаги сайловлардан Кремль шу мақсадларига етишиш йўлида фойдаланмоқчи. Аммо, Россия ҳозир Украинани тўла қўллаб-қувватлаётган Ғарб билан ҳисоблашишга ҳам мажбур.

Ўзини Украинадан мустақил эълон қилиб, Россига қўшилишни истаётган Донецк ва Луганск вилоятларидаги сепаратистик/террористик қуролли кучлар бу вилоятларни мустақил халқ республиклари деб эълон қилишгани ҳам ҳаммага маълум. Бугун бу вилоятларнинг марказлари бўлмиш Донецк ва Луганск шаҳарлари тамомийла ўша қуролли кучлар қўлида. Шу сабабли, Украина ахборот воситаларининг хабарига кўра, бу шаҳарларда биронта сайлов участкаси очилмади ва очилмайди ҳам. Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида ҳам аҳвол шундай.

Донецк вилоятининг бошқа қимларида сайлов участкаларининг 82,5 фоизи очилмаган, қолганларида сайловлар бўлмоқда. Луганск вилоятида эса, вилоят марказидан ташқаридаги 12 сайлов округдан фақат 2 таси ишламоқда.

Тамомийла Россияга қўшиб олинган Қримда ҳеч қандай сайлов тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аммо, истаганлар Украинанинг бошқа қисмларига бориб овоз бериш имкониятига эгалар.

Украинанинг бошқа жойларида нормаль сайловлар кетаётган бўлса ҳам, руслар кўп яшайдиган жойларда муаммолар чиқмоқда. Масалан, Одессадаги сайлов участкаларидан бирига номаълум шахс ёки шахслар молотов коктейли отиб кетишди. Қурбонлар йўқ.

Қора денгизга чиқадиган Николаев вилятининг маркази Николаев шаҳрида бир нечта сайлов участкасига миналар қўйилгани ҳақида хабар келди. Дарҳол бу участкалар бекитилди, махсус хизматлар текшириш олиб боришмоқда.

Украиналик сиёсатшуносларнинг фикрича, Донецк ва Луганск вилоятларидаги сайловчилар бутун мамлакат сайловчиларининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Уларнинг кичик бўлса ҳам бир қисми овоз беради. Демак, бугунги сайловлар қонуний бўлиши ва янги президент сайланиши шубҳасиз.

Ҳозир Киевда маҳаллий вақт билан соат 12:30. Бир неча дақиқа олдин Украинанинг Бош вазири Арсений Яценюк турмуш ўртоғи Тереза билан пойтахтаги участкалардан бирида овоз бердилар (расмда). Арсений Яценюк журналистларнинг “Кимга овоз бердингиз?” саволига ҳазил аралаш жавоб берди: “Украина президентига овоз бердим.”
саволига ҳазил аралаш жавоб берди: “Украина президентига овоз бердим.”