
Россиянинг Ғарбий Урал машинасозлик концерни президенти Александр Поздеевнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 21 май куни ҳибсга олингани хабар қилинган эди. У Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Деҳқонобод калий заводи бўйича терговга чақирилиб, тергов пайтида ҳибсга олингани ҳам маълум. Бу завод ёки унинг қандайдир янги бўлимлари Ғарбий Урал машинасозлик концерни тарафидан қурилган бўлиб, контрактларнинг нархи бўрттирилгани бўйича жиноий иш очилган ва Александр Поздеев шу иш бўйича Ўзбекистонга келган экан.
Москва бу ишга бефарқ қолмаслиги аввалдан маълум эди, айнан шундай бўлганга ўхшайди. Русларнинг “Новости” агентлиги Россиянинг Тошкентдаги элчихонасининг бош маслаҳатчиси Вадим Чекмазовга асосланиб хабар беришича, Александр Поздеев озод қилинди ва ҳозир Москвага қайтиб келмоқда. Хабар кеча кечқурун тарқатилганини ҳисобга олсак, рус бизнесмени Москвага келиб бўлган ҳам.
Яна русларнинг хабарида айтилишича, Хамза туман суди кеча Александр Поздеевнинг соғлиғида муаммолар борлигини ҳисобга олиб, ҳибсга олиш қарорини ўзгартирибди ва бу ердан кетмаслик тилхати олиш билан чекланибди. У ҳолда, рус бизнесмени соғлиғини баҳона қилиб қочиб кетмоқдами? Бу саволга ҳали жавоб йўқ.