24 May 2014
15:44 - Уйғуристондаги террористик ҳужум ташкилотчиларидан бири қўлга олинибди
Ҳозир Хитой таркибида бўлган Уйғуристоннинг пойтахти Урумчи шаҳрида 22 май куни уюштирилган террористик ҳужум натижасида 31 киши ҳалок бўлгани, ярадорларнинг сони 100 га яқин эканлиги ҳақида биз ҳам хабар берган эдик.

Сўнгги хабарларга кўра, ўша ҳужумни уюштирган 5 кишидан бири бугун кечаси Хитой махсус хизматлари тарафидан қўлга олинибди. Қолган 4 нафари ҳужум пайтида ҳалок бўлган, уларнинг кимлиги ДНК текширувлари асосида аниқлаб бўлинган.

Хитой полициясининг маълумотларига кўра, бу 5 киши 2013 йилнинг охирида жанговор гуруҳ тузиб, террор ишларига тайёрланишни бошлашган экан. Автомобиль ва портловчи моддалар сотиб олишган. 22 май куни эрталаб улар икки автомобилни кўча бозоридаги одамлар тўдасига уриб, бир автомобилни портлатишган, иккинчисидан қўл бомбалари улоқтиришган.

Хитойнинг Синьхуа агентлиги ҳозиргача 39 киши ҳалок бўлгани, 86 киши ярадор бўлгани аниқланганини билдирди.

Хитой раҳбарлари уйғурларга кўпроқ ёки тўла мустақиллик беришни ҳам ўйласалар, келажакда бўлиши мумкин бўлган бундай воқеаларнинг олдини олиш йўлида самаралироқ натижаларга эришган бўлишарди.