
Кечаги хабаримизда Қримтатар Халқ Мажлисининг 18 майда Севастополда қримтатраларининг ўз юртидан ҳайдалиши муносабати билан ҳар йили ўтказиладигани каби катта митинг ўтказмаслик қарорини таҳлил қилар экан, “Ҳа, қримтатарлари Путин олдида чекиндилар ва тўғри қилдилар. Бошни бекорга кундага қўйишдан фойда йўқ... Айнан, бу кунларда бўлаётган воқеалар туфайли, яқин орада қиримтатарларнинг кураши мустақиллик курашига айланиб кетади” деб ёзган эдик.
Бугунги воқеалар кўрсатдики, қримтатарлaри Путин олдида бош эгмадилар. Ҳамма қаршиликларга қарамасдан, бугун Симферополь марказида бўлмаса ҳам, унинг яқинида 10 минг кишилик митинг бўлди. Россиянинг тақиқлари туфайли Қримга келолмаган қримтатарларининг миллий лидери Мустафа Жамилўғли ҳаммани бу митингга чиқишга чақиргани ҳам ўз ролини ўйнади. Ўтган йили Симферополь марказида рухсат берилган митингга 40 минг киши келганини ҳисобга олсак, бу йилги тазйиқларга қарамасдан мотам митингига 10 минг кишини келиши – буюк ғалабадир. Табриклаймиз!!!
Митингда “Қримтатарларининг 18 май 1944 йили депортация қилиниши ва қримтатар халқининг геноциди қурбонлари хотирасига ўтказилган умумқрим мотам митингининг Резолюцияси” номли ҳужжат қабул қилинди.
Бу ҳужжатни бутунлай эълон қилиш шарт эмас. Чунки, у ерда ҳар доимгидек депортация ва геноцид қораланади, қримтатарларига қарши ўтказилаётган дискриминация ва репрессия сиёсати тўхтатилиши талаб қилинади. Қримтатар Халқ Мажлиси ва унинг маҳаллий бўлимларини тан олиш талаби ҳам муҳим. Аммо, энг муҳим бўлгани қуйидаги сўзлардир: “Қримтатар халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига асосланиб, Қрим Республикасига миллий-ҳудудий автономия мақоми берилиши лозимлигини баён қиламиз”.
Бу баёнот қримтатарларнинг кураши мустақиллик курашига айланиб кетиши йўналишидаги муҳим қадамдир. Ўзбеклар қримтатарларининг бу ва кейинги қадамларни тўла қўллаб-қуввтлашларига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.