Андижонда акромийларнинг қуролли қўзғалони деса бўладиган 13 май воқеаларига биринчи бўлиб расмий муносабат билдирган ташкилот – “Бирлик Партияси бўлди. “Бирлик”нинг илк баёноти 13 май куни пешин соатларида тарқатилганда, ҳали оммавий оммавий қон тўкилиши бўлмаганди. Аммо, акромийлар гуруҳининг ҳокимият муассасаларига қуролли ҳужумлари “Бирлик” тарафидан қоралангани тарихда қоладиган воқеадир.
Ўша баёнот матни билан қуйида танишинг.
* * *
АНДИЖОНДА ҚОН ТЎКИЛИШИНИ ТЎХТАТИНГ!
(«Бирлик» Партиясининг Баёноти)
13 май 2005 йил
Кеча номаълум қуролланган гуруҳнинг Андижон шаҳридаги қамоқхонани босиб олиши ва у ердаги маҳбусларнинг озод қилиши билан бошланган қонли воқеалар даҳшатли нуқтага келди. Қуролланган гуруҳ қамоқхонадан кейин ҳарбий гарнизонга ҳам ҳужум қилди ва қуролли сафларини кўпайтириб олгач, вилоят ҳокимлигини босиб олди. Улар мусулмонларга қарши олиб борилаётган қатағонни тўхтатиш, «Акрамия» гуруҳига мансубликда айбланиб Андижонда судланаётган ва уларнинг фикрича бегноҳ бўлган одамларнинг озод этилишини талаб қилишмоқда.
Бу гуруҳнинг расмий ҳокимият муассасаларига қарши қуролли ҳаракатлари «Бирлик» Партиясининг демократик принципларига мутлақо зид ва биз тарафимиздан қораланади. Айни пайтда, шу нарсага кўз юма олмаймизки, бу гуруҳнинг талаблари узоқ йиллардан бери ўзбек мухолифати, ҳуқуқ ҳимоячилари ва дунё жамоатчилиги тарафидан олға сурилаётган талаблар йўналишидадир.
Ҳозирги вазиятда бу гуруҳнинг кимлигини, унинг талаблари нақадар мавжуд қонунларга зид ёки зид эмаслигини ўйлашга вақт йўқ. Чунки, воқеаларнинг ривожланиши катта қон тўкилишга олиб келишини ҳозир ҳамма тушунмоқда. Биринчи навбатда қилинадиган иш - қон тўкилишиниг олдини олиш бўлиши керак.
Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати бу каби вазиятлардан тинч йўллар билан чиқиш тажрибасига эга эмас, у ҳамма конфликтларни куч билан ҳал қилишдан бошқа нарсани билмайди. Андижонлик ва қўшни вилоятлардаги «Бирлик» фаоллари Андижонда юзага келган қонли тўқнашувни тўхтатишда иштирок этиш, керак бўлса қуролли гуруҳ вакиллари билан мулоқат ўрнатишда ёрдам бериш нияти билан расмий ҳокимият органларига чиқишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, у тараф, минг афсуски, бу йўналишда бирон қадам қилишни лозим кўрмаяпти.
Бугунги қон тўкиш ким тарафидан бошланишидан қатъий назар, бу воқеалар Ўзбекистон ҳукуматининг узоқ йиллардан бери олиб бораётган нотўғри сиёсатининг натижаси эканлигини ҳам алоҳида айтиб ўтишимиз лозим.
Шундай бўлса ҳам «Бирлик» Партияси Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, бошланган қонли воқеаларни дарҳол тўхтатиш ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради. Қуролли тўқнашув бартараф этилгандан кейингина бу каби воқеалар такрорланмаслиги учун кафолат берадиган тадбирлар масаласини муҳокама қилиш мумкин. «Бирлик» бундай муҳокамага ҳам тайёр.
«Бирлик» Партияси дунё жамоатчилигига ҳам мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукуматини Андижондаги қуролли тўқнашувни тинч йўллар билан бартараф этишга ундашга чақиради.
* * *
Минг афсуски, Ислом Карим режими ўшанда “Бирлик”нинг чақириғига эътибор бермади. Натижада, юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. “Бирлик” Партиясининг 15 майда тарқатган баёноти ўша кунги воқеаларни тўла қамровчи ҳужжатдир. Айнан шу ҳужжатда бу партия ўзининг етук сиёсий ташкилот эканлигини кўрсатган. Мана ўша иккинчи баёнотнинг матни.
* *
АНДИЖОНДА ХАЛҚҚА ЎҚ ОТГАНЛАР ВА ОТТИРГАНЛАР ХАЛҚ ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРАДИЛАР!
(«Бирлик» Партиясининг Баёноти)
15 май 2005 йил
Андижондаги 13 май воқеалари кўрсатдики, Ўзбекистонда Каримов бошқараётган режим кундалик ҳаётий масалаларни ҳал этишга қодир эмас. Кичкина бир қуролли гуруҳ қамоқхонадан бошлаб вилоят ҳокимлигигача, яъни истаган ерини осонликча босиб олиши мумкинлигини намойиш қилди.
Демократик принципларга содиқ былган «Бирлик» Партиясининг аъзоларига зўравонлик қилиш, унинг вакилларини яқинда бўлиб ўтган сайловларда қатнаштирмаслик учун қонунубузарлик қилишда устаси фаранг эканлигин кўрсатган ҳокимият бошқа йўналишдаги мухолифатчиларга қарши ҳеч нарса қилолмаслиги равшан бўлмоқда. Ҳукумат Тошкентда салкам доимийга айланган террористик ҳужумларни тўхтатолмагани каби Андижондек бир вилоят марказининг ўз контроли остидан чиқиб кетишини ҳам олдини ололмаслигини кўрсатди.
Бу қуролланган гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний ва зўравонликка асослангани учун қораланиши кераклиги табиий. Аммо, уларнинг талаби айнан мавжуд ҳокимият тарафидан топталаётган адолатни тиклаш бўлгани ва уларнинг талабини қўллаб қувватловчи минглаб кишилар кўча ва майдонларга чиққани сабабли, Ўзбекистон раҳбарияти вазиятни нормаллаштириш мақсадида музокарага асосланган тинч йўлларни танлаши лозим эди. «Бирлик» Партияси бу масалада ҳар тарафлама ёрдамга ҳозир эканини эълон қиди, лекин ҳокимият бундан фойдаланишни истамади.
Ўзбекистон ҳукумати вазиятдан чиқиш учун одатдагидек куч ишлатиш йўлини танлади. Ҳуқуқ тартибот органлари мутлақо ишга яроқсиз эканлиги кўриниб тургани сабабли, конфликтни ҳал этишга - вазифаси мамлакатни ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўлган ва тинч аҳоли бор жойларда амалиёт олиб боришга ўргатилмаган - ҳарбий аскарлар ташланди.
Маълум бўлишича, ҳокимият вакиллари исёнчилар билан ҳеч қандай музокара олиб боришмаган, тинч аҳолининг хавфсизлигини таъмин этишни ўйлашмаган ва таслим былиш ҳақидаги ультиматумдан сўнгра, ҳарбийлар Андижон вилояти ҳокимлигини эгаллаб турган қуролли гуруҳ ва ҳокимлик артофидаги ичида ёш болалар, аёллар кўп бўлган тинч аҳолини 13 май кечқурун ўққа тутишган.Қочиб кетган исёнчиларни таъқиб қилиш баҳонасида эртаси кун шаҳар маҳаллаларига кирган аскарлар ёш болалар, аёлларга ўқ отишган. Натижада, 2 кун ичида, исёнчилардан ташқари, юзлаб одам ҳалок ва ярадор былган.
Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ўз халқига қарши қилган бундай хунрезлигини кескин ва нафрат билан қоралаймиз. Ўз халқини ўққа тутиш жиноятдир. Бу ишларнинг бошида Андижонга келиб, амалиётларни шахсан бошқарган мамлакат президенти Ислом Каримовнинг ўзи тургани халқимизнинг тақдири кимларнинг қўлида қолганини жуда яхши кўрсатмоқдадир.
Ҳеч шубҳа йўқки, халқни ўққа тутганлар ва туттирганлар халқ олдида, қонун ва тарих олдида жавоб берадилар.
«Бирлик» Партияси шу кунларда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.
Мавжуд тузумни конституцион йўллар билан ўзгартиришга қаратилган бизнинг курашимиз эса давом этаберади.
* * *