
Қрим ярим оролининг Қораденгиз соҳилида жойлашган Севастополда аввал СССРники, ҳозир эса Россияники бўлган Қораденгиз Флотининг асосий базаси бор. СССР парчалангандан кейин ҳам бу база русларнинг қўлида қолган, бир неча йил аввал бу база яна 40 йил бу ерда қолиши ҳақида Россия-Украина шартномаси имзолганди.
Бу шаҳар Украинаники ҳисобланган йилларда ҳам махсус мақомга эга эди. Ҳозир Қрим Россия тариифдан босиб олиниб, расман Россияга қўшиб олингач, Севастополга Россия Федерациясининг “федерал аҳамиятга эга шаҳри” мақоми берилган.
Бугун эрталаб Москвада Қизил Майдонда Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган ҳарбий парад ва намойишларда иштирок этгандан кейин, Россия Президенти Владимир Путин Севастополь яқинидаги Белбек аэропортига учиб келди ва дарҳол Севастополга жўнади. У бу ерда ўтказиладиган Қораденгиз флоти кемаларининг парадида иштирок этиш билан биргаликда, шаҳарнинг Нахимов майдонида ўртанилган “Севастполь ҳимоячилари” ҳайкали пойдеворига гулчамбар қўяди, черковга боради, кечқурун эса, байрам концертида иштирок этади.
НАТОнинг Бош котиби, Германия ва Польша давлатларининг раҳбарлари Путиннинг Севастополга келишини қораладилар. Украина Ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотаси эълон қилди.
Айни замонда, Украинанинг ҳарбий кучлари антитеррор операциясини давом эттирмоқдалар. Аввалги хабарларимиздан маълумки, вазият мураккаб, бир кун террористларнинг қўли баланд келса, бошқа кун расмий ҳарбийларнинг қўли баланд келмоқда.
Бугун Донецк вилоятининг Азов денгизи бўйидаги Мариуполь шаҳрида ҳукуматнинг кучлари шаҳар милиция бўлимига ҳужум қилган тахминан 60 нафар террорист гуруҳини қочишга мажбур қилдилар, дейилади Ички ишлар вазири Арсен Аваковга асосланиб тарқатилган хабарларда. Тахминан 20 террорист ўлдирилибди, тўрттаси асир олинибди. Ички ишлар қўшинларининг бир аскари ўлгани, беш нафари яралангани ҳам билдирилган.
Бу хабардаги рақамлар тўғри бўлса, Путинга катта байрам совғаси берилгани ҳақида гапириш мумкин.