09 May 2014
21:16 - Ислом Каримнинг яна бир ғалабаси: Ўзбек тик туриб Ғалабани байрам қилиш ўрнига, йиғи-сиғи билан, икки букилиб ўтганларни хотирламоқда


Ҳа, оламдан ўтганларни хотирлаш, ҳатто йиғи-сиғи қилиш ҳам инсоний бурчимиз. Аммо, нима бўлса ҳам, ҳаёт давом этмоқда ва этаверади. Демак, келажагимизни ўйлашимиз, бизга ички энергия берадиган тарихий ғалабаларимзни байрам қилишимиз, қаддимизни ростлаб, кўкрагимизни кериб юришга ўрганишимиз керак. Ўтганларнинг руҳи айнан шунда шод бўлади.

Ҳозир ўзбек халқи қаддини ростлаб, кўкрагини кериб юрибдими? Йўқ, миллионлаб ўзбеклар чет элларда ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда, қуллардек мардикорлик қилиб, Ўзбекистондаги оиласини боқмоқда. Аждодларимиз руҳи шундан хурсанд бўлмоқдами?

Кўпчилик чет элга бориб ишлаб, оила боқар экан, ўзимизнинг давлат нима қилмоқда? Ўзбекистонда ўртача ойлик Қозоғистондан 8-10 баравар кам экан, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олар экан, мавжуд ҳокимиятнинг кимга кераги бор? Ҳокимиятдагилар бу муаммоларни ҳал қилиш устида, ҳеч бўлмаса, ўйлаяптими? Йўқ ва яна бир марта йўқ.

Миллат ўтган ғалабаларни нишонлаб, ўтмишини эсласа, келажакка кўкракни кериб кетиш кераклигини ўйлайди, бугунги кунига реал баҳо беришга бошлайди. Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режимининг вазифаси айнан шунга йўл бермаслик. Айнан шу сабабдан Ислом Карим фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни ўрнига, ўзбекларни яна бошини эгдириб, мотамсаро Хотира куни ўтказишга мажбурлади.

Мана расмда Ислом Карим ўзи киритган Хотира ва Қадрлаш Куни муносабати билан, ЎзАнинг хабарида айтилишидек, мотамсаро мусиқа таралиб турган Мустақиллик майдонига кириб келибди ва Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйибди. Ўзбек мардикорларнинг хизмати эвазига етиштирилган гулларни Мотамсаро она ҳайкали пойига қўйсак, ўтиб кетган оналаримиз, ва умуман, аждодларимиз руҳи шод бўладими? Йўқ, уларнинг руҳи яна ҳам тушади. Онамиз рус ва қозоқларга мардикор яратиш учун бизни туққанмиди?

Остонада эса, куни кеча Ғалаба куни байрам қилинди. Қозоқ аскарлари қўлларида автоматлар билан, кўкракларини кериб парад қилдилар.

Балки, шундай бўлиши табиийдир. Чунки, ҳозир қозоқлар Марказий Осиёнинг лидери, ўзбеклар уларнинг мардикори, холос.

Эй, ўзбеклар! Кўзингизни очинг. Хотира ва мотамнинг ҳам ўз вақти бор. Аммо, Ғалаба кунларимиз қачон бўлади, қачон кўкрагимизни кериб уларни байрам қиламиз, буюк келажагимиз томон шаҳдам қадамлар билан юриш қиламиз?