09 May 2014
06:16 - Нурсултон Назарбой ҳам АҚШ Давлат Котибининг ўринбосарини қабул қилди

АҚШ Давлат Котибининг биринчи ўринбосари Уилям Бёрнс Тошкентдаги икки кунлик ташрифи пайтида Ўзбекистон Президенти Ислом Карим, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил, фуқаролик жамияти вакиллари, жумладан “Бирлик” Партияси раисининг Бош котиби, “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят билан учрашганини хабар қилган эдик. Ҳозир маълум бўлишича, АҚШлик дипломат билан учрашган фуқаролик жамияти вакиллари ичида Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси “Нажот” жамиятининг раиси, айни замонда “Бирлик” Партияси раисининг шимолий минтақалар бўйича ўринбосари Ҳайитбой Ёқубов ҳам иштирок этган.

Тошкентдан Остонага келган Уилям Бёрнсни кеча пешин соатларида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой қабул қилгани Казинформ агентлиги тарафидан хабар қилинди.

Қозоқларнинг хабарида Нурсултон Назарбой америкалик дипломат билан Қозоғистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш масаласи, Украина ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилгани алоҳида урғуланади. Яъни, Уилям Бёрнснинг Тошкентдаги учрашувлари хусусидаги хабарлардан фарқли ўлароқ, қозоқлар Остонадаги музокараларнинг асосий нуқталарини бекитмасдан, очиқча гапирмоқдалар.

Казинформнинг хабарига Нурсултон Назарбой билан Уилям Бёрнснинг учрашувида олинган расм илова қилингани ҳам эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда бунга ўхшаш расм ҳам эълон қилинмади.