01 May 2014
18:11 - 1 май дунёда “1 Май куни”, бизда “Фавворалар куни”, кўча чангитиш мумкин эмас
Табиий, бу бутун дунёда эмас, аммо кўпчилик мамлакатларда, коммунистик давлатларнинг ҳаммасида, социалистикларининг баъзиларида “Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни” сифатида байрам қилинади. СССР замонида Ўзбекистонда ҳам шундай эди.

Собиқ СССР ҳудудларидаги баъзи мамлакатларда, масалан, Россияда 1 май ҳали ҳам меҳнаткашларнинг бирдамлик куни сифатида нишонланади. Қозоғистон Президенти бу кунни аллақачон “Қозоғистон халқининг бирлиги куни” қилиб қўйган.

Туркияда 1 май расман байрам куни эмас. Аммо, Касаба уюшмалари ва турли сўлчи гуруҳлар айнан шу куни катта намойишлар ўтказишади. Кўпинча байрам намойишлари норозилик митингларига, тўғрироғи, оммавий тартибсизликларга, тўғрироғи, полиция билан тўқнашувлар майдонига айланади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Аммо, унчалик катта тартибсизликлар чиқмаганга ўхшайди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Ўзбекистон ҳукумати 24 апрелдаги қарори билан 1 майни “Фавворалар куни” деб эълон қилди. Кунлар ва йилларга аввалари Президент Ислом Карим ном берарди, энди бу ҳуқуқ ҳукуматга берилган. Бугун ҳамма ерда фавворалар очилди, аммо ҳаёт ўша-ўша, халқ тирикчилик билан овора. Аммо, норозилик намойишлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки, намойиш ва митинглар Ислом Каримнинг топшириғи билан 53-54 лақабли хоинлар тарафидан “кўча чангитиш” деб эълон қилинган.