12 April 2014
20:29 - “Оҳангаронцемент”ни прокуратура босди, айб эса ҳукуматда

Мухбирларимиз йўллаган маълумотларга кўра, «Охангаронцемент» очиқ турдаги акциядорлик жамиятини прокуратура босди. Россия Федерациясининг «Евроцемент групп» ширкати таркибига кирувчи мазкур жамиятнинг акциялари Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлгани боис прокуратура бу корхонани жиддий тафтиш қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ширкат маҳсулотларини фирибгарлик йўли билан сотишга уринган 10 та офшор фирма устидан жиноят иши қўзғатилган.

Умуман, прокуратура маълумотларидан “Оҳангаронцемент”нинг давлат сиёсатига “қарши” чиққани кўриниб тутибди. Масалан, 2006 йилда 2000 киши хизмат қилган корхонада ҳозир 1314 нафар киши меҳнат қилади. Ҳукумат иш ўринлари яратиш йўлидан бориб, улкан мувафаққиятлар сари юксалаётганимизни ёлғондакам рақамлар орқали кўрсатиш билан ўзини овунтириб ётганда, Оҳонгарондаги иш ўринлари қисқарган.

Бунинг устига, бошқа цемент заводларида иш ҳақлари 2,2 миллион сўм (“қора бозор” курсида 715 АҚШ доллари — Ҳаракат ) бўлгани ҳолда бу заводда ишчилар маоши 1,2 миллон сўм ( 400 доллар атрофида) экан. Ҳукумат ойлик маошларни гўёки ошириб борарётган бир пайтда, заводдаги вазият ҳам ҳукумат сиёсатига қаршидек бўлиб кўринмоқда.

Аммо, дейди мухбиримиз, Ўзбекистонда ўртача ойлик 90 доллардан ҳам кам. Мамлакат иқтисоди ўлмоқда. Шундай экан, айбни корхоналардан эмас, ҳукумат олиб бораётган, давлат ва миллатга қарши жиноят деб баҳоласа бўладиган, иқтисодий сиёсатидан қидириш керак.