
Авваламбор иккита таъриф берамиз.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, Фатво – шариат, дин қонун-қоидалари асосида руҳонийлар (муфти, шайхулислом, қози) томонидан бирор диний, ҳуқуқий, сиёсий ҳамда ижтимоий масала юзасидан чиқариладиган ҳукм , қарор, изоҳ ёки бирор ишнинг шариат нуқтаи назаридан амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги кўрсатма ёки буйруқдир.
Ўлимчи-террорист - “Ҳаракат” тарафидан киритилган ўзбекча атама - ўзи ишонган ғояларга душман деб ҳисобланадиган одамларга қарши ўзини ҳам ҳалок қилиш йўли билан амалга ошириладиган террористик актни амалга оширувчи одам.
Энди асосий мавзуга ўтамиз. Америкаликлар тарафидан яратилиб, рус, инглиз ва араб тилларида иш олиб борадиган “Средняя Азия в Интернете” (centralasiaonline.com) сайтининг 2013 йил 6 июнда тарқатилган хабарига айтилишича, 8 апрелда (қаранг, роппа-роса 1 йил аввал – “Ҳаракат) Қобулда йиғилган афғон ва мисрлик ислом уламолари ўлимчиларни ишлатиш исломда тақиқилангани эълон қилишибди. Шундай қилиб, бу уламолар Туркия, Малайзия, Индонезия, Нигерия, Филистин, Иордания ва бошқа давлатлардаги ҳамксблари март ойида Истанбулда йиғилиб, жангариларнинг бундай тактикасини қоралаш қарорига қўшилган эмишлар.
Бу қарор-фатво толиблар билан уларнинг ўз қуроли – дин ва идеология – воситасида кураш демакдир, дебди бу хусусда Афғонистон парламентининг қуйи палатаси (Жирға) аъзоси Амир Хон.
“Средняя Азия в Интернете” сайти яна бир қатор сиёсатчиларга асосланиб, бундай фатвонинг чиқарилиши толибларга қарши курашда катта бурилиш нуқтаси бўлишини, бу фатво тарихий ва мисли кўрилмаган воқеа эканлигини урғулайди.
Хеч шубҳа йўқки, дейди мухбиримиз, бундай фатвонинг берилиши ижобий воқеа. Аммо, уни тарихий ва мисли кўрилмаган деб баҳолаш учун катта асос йўқ. Чунки, турли мужоҳидлар, хусусан, толиблар, расмий уламоларни ҳукуматнинг одамлари деб ҳисоблашади ва бундай фатволарга ортиқча эътибор ҳам беришмайди. Бир томондан тўғри қилишади, чунки, кўпинча расмий уламолар мавжуд режимларга хизмат қилишади, бу хизмат доирасида, ҳар нарса қилаверишади.
Фақат ўлимчи-террористлар масаласида эмас, умуман Ислом дунёсида сўнги юз йилларда юза бераётган буюк инқироздан чиқишнинг ягона йўли – исломда чуқур ислоҳотлар қилиш, Қуръоннинг замонавий илм-фан янгиликларига зид келмайдиган тафсирини яратишдир. Бу янги тафсирда Исломнинг ягона фарзи имон эканлиги тан олиниши, шу пайтгача фарз деб ҳисобланаётган 5 маҳал номоз ўқиш, рўза тутиш, Ҳаж қилиш ва закот бериш амалиётларига қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмайдиган мақом берилиши керак.
Исломни шу шаклда ислоҳ қилмасдан Ислом дунёси олға кетолмаслиги “Ҳаракат” Агентлиги сайтининг “Актуал Мавзу” бўлимида эълон қилинган бир қатор мақолаларда тўла асосланиб берилган. Ўша мақолалардан биттаси билан қуйидаги линк орқали танишиш мумкин:
Ислом динида қилиниши муқаррар бўлган ислоҳотларнинг умумий принциплари ҳақида - http://harakat.net/actual/?id_topic=9&id=84