
Бу мамлакатнинг Ташқи Ишлар вазирлигида вазир Аҳмет Довутўғли раҳбарлигида Суриядаги урушга оид масалалар муҳокама қилинаётган юқори даражали мажлисдаги гаплар Интернетнинг Youtube тармоғида бугун тарқатилди. Ғазабга тушган Туркия ҳукумати дарҳол бу мамлакатдан Youtube тармоғига кириб бўлмайдиган тўсиқлар қўйди. Туркия расмийлари давлатнинг сирини ташқарига олиб чиққанларни хоинлик ва жосусликда айбламоқдалар. Бош вазир Ражаб Эрдўғон эса, бу ишни пасткашлик деб баҳолади.
Туркия оммавий ахборот воситаларида вазирликдаги мажлисда яширинча ёзиб олинган гапларнинг мавзуси айтилмайди, аммо Ғарб агентликларига кўра, гап Туркия қўшинларини Сурияга олиб кириш эҳтимоллиги ҳақидадир.
Аввалроқ Ражаб Эрдўғоннинг телефон орқали ўз ўғлига “уйдаги пулларни йўқ қил” деган гаплари айнан Youtube орқали тарқатилганди.
Шубҳа йўқки, 30 мартда бўладиган маҳаллий сайловлар олдидан қандайдир қудратли куч Эрдўғоннинг партиясига қаттиқ зарба бермоқчи. Биринчи қадам муваффақиятли чиқса, уни бутунлай йиқитиш босқичи бошланади. Катта эҳтимоллик билан айтиш керакки, бу куч - Туркиядан унча узоқда бўлмаган, ҳудудлари бўйича кичкинагина бир давлатдир.
Қизиғи шундаки, Эрдўғоннинг таълимоти билан 2 кун аввал турклар учун Твиттерга кириш йўли тўсилганда, айланма йўллар билан Туркияда Твиттерга кирувчилар сони икки марта ортганди. Кеча эса, Анқара суди Твиттерга йўл очиш хусусида ҳукм чиқарди.
Мана энди, ҳали Твиттер расман очилмасдан, Youtube ҳам бекитилди.
Хуллас, Ражаб Эрдўғоннинг боши дардда. Турк дунёсини унутиб, Араб дунёсига лидерлик қиламан деб ҳаёл қилишнинг бадали катта бўладиганга ўхшайди.