28 March 2014
07:44 - БМТнинг Бош Ассамблеяси Қримдаги референдумни тан олмади, Ўзбекистон қандай овоз берди?

Кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Қримда Россияга қўшилиш масаласида ўтказилган референдумнининг қонуний кучи йўқлиги ҳақида қарор қабул қилди. Украинанинг ҳудудий бутунлигини ҳурмат қилишга, ҳамма давлатлар, халқаро ташкилотлар ва махсус муассасаларни Қрим ва Севастополнинг мақомини тан олмасликка чақирган қарорда, жумладан, шундай сўзлар бор: “2014 йил 16 мартда Қрим Автоном Жумҳурияти ва Севастополда ўтказилган референдумнинг қонуний кучи йўқ, демак, у Қрим билан Севастополнинг мақомини ўзгартиришга асос бўлолмайди”.

Бундай қарор учун БМТга аъзо бўлган 100 давлатнинг вакили овоз берган, 58 давлат бетараф қолган, бор-йўғи 11 давлат қарши чиққан. Булар – Арманистон, Белоруссия, Боливия, Куба, Никарагуа, Россия, Шимолий Корея, Судан, Сирия, Венесуэла ва Зимбабве.

Россиянинг БМТдаги вакили Виталий Чуркин “Бу қарор учун берилган овозлар Россия изоляцияда эмаслигини кўрсатади” дебди. Бечора Россия вакилининг масхарабозларча баёноти кулгидан бошқа нарсага арзимайди. Буни тушуниш учун қарорга қарши овоз берган давлатларнинг рўйхатига кўз ташлаш етарли. Бу рўйхатда, ҳатто МДҲ мамлакатларидан бор-йўғи иккитаси - Арманистон ва Белорусия – бор.

Бизни Марказий Осиё давлатларининг вакиллари қандай овоз бергани қизиқтиради, улар бу қарорга қарши овоз беришдими ёки бетараф қолишдими?

Маълум бўлишича, Озорбайжон БМТнинг қарори учун овоз берган 100 давлатнинг ичида, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой бетараф қолганлар ичида бўлган, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон овоз беришда қатнашмаган.