27 March 2014
22:27 - Ўзбекистон мафкурачиларига Ғарб маданиятини танқид қилиш таъқиқланди
Кеча Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Маънавият тарғиботи маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва қатор ташкилотлар етакчилари учун махсус мажлис ўтказилиб, маънавият тарғиботи масаласида Ғарб маданиятини танқид қилиш тенденцияси қораланди. Хусусан, оммавий ахборот воситаларида Ғарбнинг эркинлик ва турли халқлар менталитетига оид жиҳатларини танқид остига олавермаслик, ғарбона қарашларни “оммавий маданият” дея юртдошларимизга салбий бўёқларда етказишга барҳам бериш вазифаси юклатилди.

Қизиқ, аввалроқ Ғарбнинг турли ахлоқий қадриятларига нисбатан ўзига хос кураш кампаниясини эълон қилган Ўзбекистон ҳукумати энди пластинкани тескари айлантирмоқчи. Мажлисда иштирок этган зиёлилардан бирининг таъкидича, ҳукумат вакиллари ижодкорларга энди Ўзбекистоннинг Ғарб сари юзланаётганини тушунтирмоқчидек бўлган. “Айнан Украина воқеаларида ҳам мазкур мамлакатнинг суверенитети тарафдори эканимиз Ғарбга бўлган қарашларимизни намоён этади”, деган мазмунда гапирибди ҳукумат вакиллари.