24 March 2014
19:02 - Ўзбекистон ҳукумати мобиль бозорини қўлга олмоқчи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбектелеком» давлат акциядорлик компаниясининг “Uzmobile” мобиль операторини 5 йил муддатга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилди. Бу ҳақдаги ҳукумат қарорида радио частотали антенналарни ўрнатиш, аҳолига мобиль хизмати кўрсатиш ва экспулатация хизматлари жараёнида ширкатга имтиёзлар бергани таъкидланади.

Қарор мазмунидан ҳукумат «Uzmobile” тизими орқали миллий операторни ташкил этиш, 2018 йилга қадар жами 26 миллон абонентга хизмат кўрсатувчи компания ташкил этишни кўзда тутгани англашилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Ucell, Perfectum Mobile ҳамда «Uzmobile” алоқа операторлари хизмат кўрсатади ва уларнинг абонентлари сони 19 миллион кишидан ортади. Улар орасида «Uzmobile” нинг улуши ҳозирча атиги 1 фоиздан кўпроқ, дейди мухбиримиз.