23 March 2014
20:28 - Туркия Бош вазирига билвосита огоҳлантириш сигналлари берилмоқда

Гап Туркия Бош вазири Ражаб Эдрўғон ҳамда унинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) чуқур кризисда эканлиги ҳақида берилаётган сигналлар ҳақида кетмоқда. Ҳар икки сўзининг бирида Оллоҳни эслаб, ўзи ва сафдошларини сал кам Оллоҳнинг ердаги энг тоза одамлари қилиб кўрсатишга уринаётган Эрдўғоннинг ўз ҳукумати коррупция ва порахўрлик ботқоғида эканлиги очиқча кўринганидан кейин, у ёки истеъфога кетиши ёки мавжуд ифлосликларни тозалашга ваъда бериб, тозалашни бошлаши ҳам керак эди. У эса, ҳукумат одамларининг ифлос пулларга ўралиб қолганини кўрсатувчи фактларни ўзи, оиласи, партияси ва ҳатто Туркияга қарши провокация деб такрорлашдан нарига ўтмайди.


Маълумки, 30 март куни Туркияда маҳаллий сайловлар бўлади. Эрдўғоннинг партияси оладиган овозлар сони камайса ҳам, у яна биринчи ўринда қолса керак. Аммо, бу партиянинг энди келажаги йўқ. Бугунми эрта халқ ҳақиқатни тушуниб етади.


Эрдўғонга бу ҳақда жуда кўп билвосита сигналлар берилмоқда. Мана баъзи мисоллар.


Биринчи мисол. Туркияда сайлов арафасида бир партиядан бошқасига якка ҳолда ва гуруҳлар ҳолида ўтиш ҳар доим бўларди. Ҳозир ҳам бўлмоқда. Бир неча юз кишилик гуруҳлар АТПдан чиқиб кетди, бир неча юз кишилик гуруҳлар бу партияга келиб қўшилди. Аммо, кеча пойтахт Анқарада 1 минг 500 кишилик гуруҳ ташкилий равишда АТПдан чиқиб, Миллиётчи Ҳаракат Партиясига (МҲП) ўтгани оддий ҳол эмасди. Билиш керакки, АТПда ислом ғояси биринчи ўринда турса, МХПда миллат ғояси.


Иккинчи мисол. Бугун бир қатор газеталарда АТПнинг Хўжаэли вилоятида ташrил қилган митингидан расмлар берилди. Одамларнинг эмас, байроқларнинг намойиши деса бўладиган бундай митинглар фақат диктаторликларда бўлишини ҳам қўйиб туринг-да, Бош вазирнинг юзига қаранг. Кулги бор, аммо хурсанд одамнинг кулгиси борми? Йўқ. Чунки, унинг кўзи олдида зўрлаб майдонга олиб келинган одамлар ва уларнинг қўлларига тутқазилган байроқлар эмас, уйидан миллионлаб нақд доллар ва евролар топилган ҳукумат одамлари турибди, шундай доллар ва евролар ўз ўғлининг уйида ҳам борлиги ҳақидаги иддаолар турибди.


Учинчи мисол. Ражаб Эрдўғон “твиттер мвиттерларнинг илдизини қуритамиз” дейиши билан, қисқа вақт ичида бир қатор ҳуқуқий қарорлар чиқартирилди ва уларга асосланиб, Твиттер Туркияда ўтган куни бекитилди. Аммо, Туркия ва жаҳон матбуотининг хабарларига кўра, турклар айланма йўллар билан Твиттердан фойдаланишни давом этирмоқдалар, Твиттердан фойдаланувчи туркларнинг сони икки баравар ортгани айтилмоқда.


Tуркия Президенти Абдуллоҳ Гул Гаагадаги ядровий хавфсизлик саммитига кетиш олдидан журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Бош вазир билан жанжалга кирмасдик учун бўлса керак, қонун йўли билан Интернетдаги саҳифаларни бекитиш мумкинлиги ва баъзи ҳолларада кераклигини гапирди Аммо, “Кўрдингиз Твиттер бекитилди, аммо ундан фойдаланувчиларнинг сони икки баравар ортти” деб киноя қилишгача боргани ҳам Эрдўғонга берилган сигналдир.


Тўртинчи мисол. Туркларнинг энг катта “Миллиёт” газетаси бугун 18 та расм қўйилган хабар-мақоласида бир неча сатр сўз бор холос. Мана ўша сўзлар:


“Она-ота бўлиш дунёнинг энг қийин ишларидан биттасидир. Сабр, севги, меҳрибончилик ва яна саноқсиз гўзал тўйғулар керак бу ишда. Агар ўзингини ҳали тайёр деб ҳисобламасангиз, турли сиёсатчиларнинг гапига кириб, бола кўриб ўтирманг. Унга ҳам, ўзингизга ҳам эсиз/увол бўлади.”


Ҳамма гап шундаки, айнан Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон ҳар қадамда ҳар бир мусулмон камида 3-5 бола кўриши кераклигини такрорлайди.


Газетада келтирилган 18 расмнинг ичида бахтли болаликни кўрсатувчи расмлар билан бир қаторда, кўринишидан, жанубий-шарқий Осиё мамлакатларидан бирида олинган расм ҳам бор. Ўз болаларини шундай расмга туширган ва болаларининг келажагини айнан шундай тасаввур қилганлар борлигини кўрган одам биринчи навбатда бола кўришни эмас, аввал бола кўриш учун шароит яратиш муҳимлиги устида ўйлай бошлайди. Ва тўғри қилади.