23 March 2014
10:31 - Масхарабозлигимизни дунё билсин: Лондонда Наврўз байрамининг презентацияси бўлибди
Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” Ахборот Агантлиги фақат рус тилида тарқатган хабарга кўра, Лондондаги Institute of Directors клубида Наврўз байрамининг тақдимоти бўлибди. Бу тадбир Nowruz Commission номли Халқаро Ҳайрия Ташкилоти тарафидан Марказий Осиё давлатларининг Лондондаги элчихоналари билан биргаликда уюштирилибди.

2010 йили АҚШда афтидан эронлилар тарафидан тузилган Nowruz Commission ташкилотининг мақсади -Наврўзни байрам қилиш анъаналарини сақлаб қолиш ва унинг гуманистик қадриятларини жаҳон бўйлаб олға суриш эмиш. Хуллас, бир масхарабоз ташкилот.

Янги йилни 1 январда ёки 21 мартда байрам қилиш ҳар бир жамиятда қандай календарь қабул қилинганига боғлиқдир. Керак бўлса, турли календарлар бўйича йилига кўп марта янги йилни байрам қилайлик. Бундан гуманистик қадриятларнинг илдизини қидириш табиат ва инсоният устидан кулиш эмасми?

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат сифатида, ўзбеклар миллат сифатида чегараси йўқ муаммолар ичида ботаётган экан, бундай масхарабозликларда иштирок этиб шохимиз чиқармиди?

Қаранг, 21 асрда бир ҳовуч қирғиз фашистлари Ўзбекни тирклайин ёқдилар, аёллар ва қизларимизни подалашиб зўрладилар, 3 кунда 300 ўзбекни ўлдирдилар. Ўзбекистон давлати ва 30 миллионлик жаҳон ўзбеклари ҳеч нарса бўлмагандек қисиб ўтирдилар. Энди Наврузни мадҳ этармишмиз.

Ўзбекистоннинг иқтисоди чўкмоқда. Ўзбекларнинг ўртача ойлиги қозоқларникидан 8 баравар кам. Чўчқаларга айлантирилган ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишга чидаб ўтирибдилар. Давлат бюджетимиз чет элларда қуллардек ишлаётган мардикорларимизнинг Ўзбекистонга юбораётган пуллари билан оёқда турибди. Лондонда эса, Нарўзни мадҳ этармишмиз.

Ҳозир санаб ўтилган муаммоларимиз билан шуғулланишимиз керак, Наврўзнининг тақдимотидек аҳмоқона иш билан бошқалар, тўғрироғи, аҳмоқлар шуғулланаверсин.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси эса, ўз ҳукумати миллат ва давлатни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун қандай инқилобий лойиҳалар тайёрлаётганини тарғибот қилиши, айнан шу лойиҳаларни, агар улар бўлса, презентация қилиши керак.