23 March 2014
09:50 - Отдан тушса ҳам эгардан тушмаётган Бидзина Иванишвили собиқ Президент Саакашвилини қамаш орзуси билан яшамоқда
Ҳозир амалда ҳеч қандай расмий амали бўлмаса ҳам, Гуржистонни ўз югурдикларининг қўли билан қўғирчоқ театрдек бошқараётган миллиардер Бидзина Иванишвили собиқ Президент, Гуржистонни дунёга демократик давлат сифатида танитган, 2008 йили Россия билан бошланган урушда Ғарбни ўз тарафига тортиш қобилиятига эга бўлган Михаил Саакашвилини (расмда) ҳали ҳам қаматиш орзуси билан яшаётганга ўхшайди. Ҳамма масалалар бўйича руспарастлик сиёсати олиб бораётган, аммо Украинадаги кризис масаласида Ғарб ва Украина тарафида бўлишга мажбур қолган Иванишвили – Саакашвили масаласида эгардан тушгиси келмаяпти.

Гуржистон ахборот воситаларининг кечаги хабарларида Бош Прокуротурага асосланиб билдирилишича, шу йил 27 март куни собиқ Президент, ҳозир АҚШ университетларидан бирида дарс бераётган Михаил Саакашвилини бир қатор ишлар бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун терговга чақирилган. Чақириқ қоғози унинг онаси Гиули Аласанияга топширилибди.

Ҳеч кимда шубҳа йўқки, бу ишларнинг бошида Бидзина Иванишвилининг ўзи шахсан турибди ва жуда яқинда Саакашвили гувоҳдан айбланувчига айлантирилади ва биринчи имкон бўлиши биланоқ сохта айблар билан қамалади. Шунинг учун Саакашвилининг сафдошлар уни Гуржистонга келмасликка чақирмоқдалар.

Прокуратура эса, Саакашвили терговга ўзи келмаса, уни мажбуран олиб келиш устида иш бошланишини агпирмоқда.

Саакашвили Гуржистонни жаҳонга эркин ва демократик давлат сифатида танитганини билатуриб жим турган гуржилар - ўзбеклардан кейин миллат сифатини йўқотадиган иккинчи халққа айлансалар ажабланмаслик керак. Гуржиларнинг ақли жойига келмагунча, Саакашвили мамлакатига қайтмагани яхши. Қолаверса, у ҳозирча қайтмаса, гуржиларни шармандачиликдан, миллат сифатини йўқотишдан сақлаб қолиш учун хизмат қилган бўлади.