20 March 2014
22:30 - АЁЛЛАР ҚАМОҚХОНАСИДАН НИДОЛАР (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №10, 18.03.2014)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли 7-сонли муассасадан хат келди. Аёлларнинг жиноий жазони ўташ муассасасидан келган хатни эътиборингизга ҳавола этарканмиз, эътиқодига кўра озодликдан маҳрум қилинган аёллар фарёди, уларнинг бугунги ўй-кечинмалари акс этган мактуб Сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз. Муайян даражада тенденциоз руҳдаги мазкур мактуб плюрализм ва ошкоралик принципидан келиб чиқибгина эълон қилинмоқда. Мактуб муаллифи исмини сир тутишимизни сўраган.

* * *

“Биз - Сизларни Аллоҳ йўлида ибодатга берилгани учунгина, турли асоссиз бўҳтонлар билан маҳкамага тортилиб, зиндонга ташланган муслима аёлларлар фарёдини эшитишга чақирамиз!

Биз - мусулмон бўлиб Оллоҳнинг динига амал қилганимиз учун инсон зотига номуносиб қийноқлару, тасвирига тил ожиз таҳқирларга дучор бўлган ожизалармиз!

Биз - эмизикли гўдаклари бағридан тортиб олинган, кўчаларда қаровсиз қолиб кетган болаларнинг оналармиз!

Бизлар - қамоқхонада бошларидан рўмоллари юлқилаб олинган ҳақсиз, ҳуқуқсиз ҳимояга муҳтож бечоралармиз!

Бизлар - Яратувчисига ибодат қилишдек улуғ неъматдан маҳрум этилган, намоз ўқиса ҳақорат эшитадиган, қўлларидан муқаддас Қуръони тортиб олинган маҳбусалармиз!

Агар, замон чархпалаги тескарига айланиб, тақдир тақозоси билан бизни таҳқирлаётган, қийнаётганлар билан ўрнимиз алмашиб қолса, бизга қилаётган шавқатсизликларни ҳато уларнинг ўзларига ҳам раво кўрмаган бўлур эдик. Зеро, бу ноинсоний қийноқлар инсон боласига хос эмас!

Бу ердаги қийноқлару, камситишларни ҳатто йиртқич ҳайвонга ҳам раво кўрмаймиз!

Бу зиндонда аёлларга рўмол ўраш таъқиқланади?! Тиззасидан баланд, узун кўйлак кийсак нозирлар ёвузлик билан намойишкорона йиртиб ташлайдилар. Ҳатто, ҳайвонсифат нозиму нозиралар муслималарнинг номусига қўл теккизиб, баттар таҳқирлайдилар...

Эй, Оналари зиндондаги ўғиллар, қизлар!
Эй, аҳлу аёлларини жаннатнинг райхонлари., деб эъзозлагувчи эркаклар! Биз - Сизларни дин, Аллоҳ йўлида ибодатга берилгани учунгина., фитна ила маҳкамага тортилиб зиндонга ташланган муслималар фарёдини эшитиб, ҳушёр бўлишга, аҳли аёлларингизни ҳимоя этишга чақирамиз!

Н И Д О

Бошимизда қора кунлар бўлмаганда,
Маъюс кўзлар қонли ёшга тўлмаганда,
Фарёдимни сатрларга термасмидим,
Гиналарга эътибор ҳам бермасмидим?!

Ҳаддан ошди ўзбек қавмин Абу Жаҳли,
Жоҳилларга қурбон бўлди иймон аҳли,
Насроний ҳам яҳудни сийлашар бунда -
Мусулмонни ҳеч аёвсиз қийнашар бунда...

Таҳажжудда туриб Хаққа нидо қилинг,
Нафсингизни ғофилликдан жудо қилинг.
Адо этиб маҳбуслардан қарзингизни,
Қодир Зотга баён айланг арзингизни.

Кечалари нажот сўраб дуо қилинг,
Руҳи ўлик, жисми тирик майит бизлар.
Оҳингизни тинглар ёлғиз Худо билинг –
Оналари зиндондаги ўғил қизлар!

Мазлум учун шариатда қасос бордир,
Лаънатлашга Қуръонда ҳам асос бордир.
Дуо билан таралганда оҳу додлар -
Очилгайдир фалакдаги дарвозалар!

Осий номард андишани қўрқоқ билар,
Мўминн қолиб иблисларни ўртоқ билар.
Муслималар бармоғига бигиз санчиб,
Тирноқларин суғурарлар эзиб, янчиб...

Муслимларни битта битта ўлдирсалар,
Мамлакатни мозор билан тўлдирсалар.,
Қабоҳатга кўз юмганлар қайғурмасдир,
Тошбағирдир, худосиздир., даъюслардир!.

Қайтармаса қўли билан, тили билан,
Мўминмасдир рад этмаса дили билан.
Мунофиқлар ислом юртин этди пайҳон -
Рози бўлиб жим турганлар аҳли шайтон.

Эркак бўлса, агар юртнинг раҳбарлари,
Оқмасмиди кўзларининг гавҳарлари?!
Дуо қилинг маҳбусларга сабр берсин,
Золимларга қатор қатор қабр берсин!

Аёллар қамоқхонасида азоб чекаётган маҳбуса муслима аёллар номидан - Муниса Муслим қизи.