19 March 2014
01:12 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “ БУ НЕ ХУДКУШ РАЗОЛАТ…”
Бу не худкушлик разолат, дард тиқилди тамоққа,
Тергов берар Алишер, Улуғбеклар қамоқда?!
Бобиржонга сим боғлаб улабдилар тармоқга –
Муҳаммад укамизнинг тирноғи йўқ бармоқда…

Бу не худкуш мусибат, тинглаб титрар қулоғим,
Қози эрмиш Қоработир., адолатни кўринглар?!
Агар, бир – бир санасам етмагайдур бармоғим –
Фарҳоднинг бозорида нон сотадир Ширинлар…

Мажнун шўрлик мардикор, Лайли эса бедарак,
Элдан чиққан зўрларим таламоқда элимни,
Зуҳросини тополмай., Тоҳирнинг жони ҳалак –
Бул зарбалар дастидан ололмайман белимни.

Ишлари хўп юришиб , хоинларнинг минг чандон,
Мазлум элим бошига келди қора замонлар.
Муслималар додидан додлади ҳатто зиндон –
Мўминларнинг оҳидан қорайдику осмонлар…

Бало экан мансабу, бало эркан шум халқум,
Ҳар нечук Сирож, Иқболлар нон тополди егани…
Кўзинг бўлса оч халқим, жаҳолатдан қоч халқим,
Ёмон эркан дўстларим, ички душман дегани…

Элбек Раҳмат

“Ҳаракат” таҳририятидан: Яхши шеър, аммо миллатни кўз очишга, жаҳолатдан қочиш учунгина эмас, ўз тақдири ва ўз келажагини кўра билиш учун чақириш лозим. Қолаверса, миллатни ўз тақдири ва ўз келажаги учун курашга чақириш лозим. Ўзбек шоирлари, минг афсуски, юракка тегадиган чақириқлар қилишдан ҳали узоқлар.