16 March 2014
02:12 - Венеция Комиссияси Қримдаги референдумни ноқонуний деб топди
Шу йил 8 мартдаги “Путинни ҳеч нарса тўхтатолмайди, Венеция Комиссияси ҳам. Қримтатарлари нима қилади?” номли хабаримизда Белорусия ва Косовдан ташқари ҳамма Европа мамлакатларини бирлаштирувчи Европа Кенгашининг (Европа Иттифоқи билан адаштирманг) Бош Котиби, норвегияли Турбьёрн Ягланд бу ташкилот қошида 1990 йилдан бери иш олиб бораётган Демократия учун ҳуқуқ Европа Комиссиясига (норасмий номи – Венеция Комиссияси) мурожаат қилиб, Қримда 16 март куни Россияга қўшилиш масаласи бўйича ўтказилиши режалаштирилаётган референдумга ўз муносабатини, ўз хулосаларини билдиришни сўраганини айтган эдик.

Кеча Венеция Комиссияси бу масалани кўриб чиқди ва Қримда бундай референдум ўтказиш на Қрим, на Украина Конституциясида назарда тутлмаганидан келиб чиқиб, уни ноқонуний деб эълон қилди. Референдум ўтказилаётган вазият демократик стандартларга тўғри келмаслиги ҳам айтилган.

Европа Кенгашининг раиси – Австрия ташқи ишлар вазири Себастьян Курц Комиссиянинг расмий хулосаси 21-22 март кунлари эълон қилинишини билдирди.

Хуллас, Қрим масаласида Россияни ҳеч ким қўллаб-қувватламаяпти. БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида Қрим референдумига қарши резолюция ўтмаган бўлса ҳам, унига фақат Россяининг ўзи қарши бўлди, ҳатто Хитой ҳам бетараф қолишни афзал кўрди.