15 March 2014
15:30 - Нью-Йоркдаги фондлар бозорида диққатга сазовор ўзгаришлар йўқ
Жаҳон ахборот воситалари урғуни Қрим атрофидаги воқеаларга беришни давом эттирар эканлар, “Ҳаракат” Агентлиги Нью-Йоркдаги фондлар бозорида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида ҳафталик хабар бериш анъанасини ҳам унутди, десак бўлади.

Икки ҳафта аввал, аниқроғи 1 мартдаги хабаримизда Нью-Йоркдаги фондлар бозорининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Dow Jones индеси бир кун аввал 16 минг 321 тўхтаганини билдирган эдик. Мана орадан 2 ҳафта ўтди. Бир неча кун аввалги хабарларимиздан бирида Қрим атрофидаги воқеалар туфайли Россия биржаларида тушиш 12 фоиз, Нью-Йоркда эса бор-йўғи 0,2 фоиз атрофида бўлганини айтиб ўтгандик.

Кеча жорийдаги ҳафтанинг охирги иш кунини Нью-Йорк биржаси, бутун ҳафтада бўлгани каби, тушиш билан ўтказди, Dow Jones индеси куннинг охирида 16 минг 66 да тўхтади. Шундай қилиб, бу индекснинг кечаги тушиши 0,27 фоиз, икки ҳафталик умумий тушиш эса 2 фоиздан ҳам кам.

Dow Jones индеси маълум бир оралиқда доимо ўйнаб туришини ҳисобга олсак, АҚШнинг фондлар бозори, Россия бозоридан фарқли ўлароқ, Қримдаги воқеаларга катта эътибор бермаётганини кўрамиз. Яъни, Украина-Россия жанжали, тўғрироғи, жаҳонда бошланган совуқ уруш ҳозирча русларгагина салбий таъсир кўрсатмоқда.