15 March 2014
11:04 - Қримдаги референдумни тўхтатиб бўлмайдиганга ўхшайди, жаҳон янги совуқ урушга тайёрланмоқда, Ўзбекистоннинг ўрни қаерда?

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Украинадаги аҳвол ва Қримда эртага ўтказилиши режалаштирилган референдум атрофидаги жанжаллар бўйича Лондон шаҳрида кеча олиб борилган 6 соатлик музокаралари натижасиз тугади. Икки дипломат алоҳида матбуот конференциялари ўтказиб, ўз позицияларини ҳимоя қилишга уриндилар холос. Россия Қрим халқининг референдумда берадиган қарорини ҳурмат қилишини айтар экан, АҚШ Қримда ўтказиладиган рефрендум ноқонуний эканлигини, Россия ўз йўлидан қайтмаса, бунинг бадали оғир бўлишини такрорлади, холос.

Эртага БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши Қрим масаласи бўйича Ғарб тарафидан таклиф қилинган резолюция лойиҳасини кўриб чиқиши керак. Аммо, шубҳа йўқки, Россия вето ҳаққини ишлатиб, бундай резолюцияни ўтказмайди.

АҚШ Президенти Барак Обама эса Украинадаги кризисни дипломатик йўллар билан ечиш мумкинлигига ҳали ҳам ишонаётган эмиш.

Аслида, Ғарб Россиянинг империалистик иштиёқ/амбицияларини олдини олиш учун ўз вақтида ҳаракат қилмагани энг катта хатодир. 2-3 кун аввал Россия матбуотида АҚШ Президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Маркел Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбойни Ғарб билан Россия ўртасида воситачилик қилишга чақирганлари эълон қилинди. Наҳотки, АҚШ ва Европа Россиянинг амбицияларини чегаралашга МДҲ давлатлари ичида фақат Ўзбекистондек давлатнинг кучи етишини тушунишмайди. Лубянка буни аллқачон тушуниб етиб, ўзбекларнинг елкасига тожик аслли Ислом Каримни аллақачон ўтқазиб бўлган.

АҚШ ва ЕИ ўз вақтида Ўзбекистонда ҳақиқий кучга эга бўлган “Бирлик” Партиясини кескинроқ қўллаб-қувватласалар эди, бутун МДҲда бутунлай бошқача ҳолат юзага келган бўларди.


Ҳозир эса, АҚШ ва Ғарб Россияга қарши кучлари йўқлигини тан олишга мажбур бўладилар ва узоқ йиллар давом этадиган совуқ урушга кирадилар. Умид қилиш керакки, улар бу сафар ақллироқ ишлар қилишади.