15 March 2014
09:33 - Қашқадарёда Ҳасан Чориев оламдан ўтди, эртага тупроққа берилади
Бугун тонгда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими фаоли Ҳасан Чориев 74 ёшида геморогик инфаркт хасталиги туфайли оламдан ўтди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, у киши ўтган йилнинг 17 июнь куни ёш бир аёлга жинсий тажовуз қилишда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик суд ҳукми билан бир неча йилга озодликдан маҳрум қилинган, шу йилнинг бошида эса амнистия билан қамоқдан озод бўлганди. Қариндошларининг сўзларига кўра, Ҳасан ота озод бўлганидан бери ўзини ёмон ҳис қилган ва умрининг сўнгги кунларида ҳатто тиббий муолажалар ҳам унга ёрдам беролмай қолган.

Ҳасан Чорининг қамоққа олиниши унинг АҚШда яшайдиган ўғли Баҳодир билан боғлиқлигини гапираётганлар ҳам бор. Улар Баҳодир Чориев ҳозир кучли яширин ташкилот тузиб, Ўзбекистонда ҳокимиятни истаган вақтида қўлга олиш қудратига эга, Ўзбекистон режими эса, Ҳасан акани гаровга олиб, Баҳодир Чориев кучларининг Ўзбекистонга бостириб киришини олдини олмоқчи, дейишади.

Аслида, Баҳодир Чори Ўзбекистон ҳукуматига хизмат қилиб, ҳозирги режимнинг ҳақиқий рақиби бўлган “Бирлик” Партиясига зарбалар бериш учун ҳаракат қилиб ётган бир аҳмоқ. Ҳасан ота ўғлининг бу ишларидан норози эканлиги, аммо ҳаромийлик йўлига ўтган ўғлини тўғри йўлга сололмагани ҳам кўпчликка мълум..

Шундай чалкаш воқеаларнинг қурбони бўлган Ҳасан отани Аллоҳ раҳматига олсин!

У киши эртага, 16 март куни соат 14.00 да тупроққа берилади.